Кундан-кунга ёшариб кетяпман - "Кексалик"ни тан олмаётган ҳужумчимизнинг "Ал-Ҳилол" дарвозасига тарихий гол уришини кутганмидингиз?

АГМК клуби Осиё Чемпионлар лигасидаги илк учрашувда Осиё гранди – “Ал-Ҳилол”га муносиб ўйин кўрсатганини кўрдик.

Миржалол Қосимов айтганидек, унинг жамоаси шунчаки қатнашиш учун келмаганлигини кўрсатяпти. Кечаги тарихий ўйиндаги илк тарихий гол муаллифи Зафар Полвонов бўлганини биласиз.

Бугун ушбу ҳужумчи sports.uz мухбирининг саволларига жавоб берди.

- АГМК ўзи учун тарихий ўйинда иштирок этди ва Осиёнинг энг кучли грандларидан бири “Ал-Ҳилол” билан дуранг ўйнади. Аввало, учрашув ҳақида сўрамоқчиман. Таассуротлар қандай?

- Кириб келган Рамазон ойи билан барча мусулмон халқини табриклайман. АГМК ҳар доим ўз олдига катта мақсад қўяди. Биз ўша мақсадимиз сари интиламиз. Албатта, мураббий кўрсатмалари билан ҳам ажралиб туради. Ўша “Ал-Гарафа” билан ўйинда ютамиз, деб мақсад қилгандик. Охиригача курашишга бел боғлагандик. Худога шукр, якунда ўйлаган ниятимизга эришдик. Мана, кеча “Ал-Ҳилол”га қарши ҳам ўйнадик. Биз бу рақибнинг кучини, яхши шаклланганини ва тажрибали легионерларига эгалигини билардик. Бундай жамоага қарши тўп суриш ҳамиша қийинчилик туғдиради. Албатта, биз ҳам қараб турмадик. Охиригача курашдик ва шунга яраша тайёрлангандик. Бу билан тўхтаб қолмоқчи эмасмиз. Ҳали яна “Ал-Ҳилол” билан тўқнаш келамиз. Энди бу учрашувни эсдан чиқариб, “Истиқлол” билан баҳсга тайёргарлик кўряпмиз.

- Сиз тарихий гол муаллифи бўлдингиз. Чунки АГМКнинг ОЧЛдаги илк голини урдингиз. Ўша вазиятда дарвозабон хато қилишини билганмидингиз ёки кутилмаган совға бўлдими?

- Тарихийни голни урганимдан хурсандман. Лекин ҳамма ҳам хато қилади. Бундай хатодан ҳамма ҳужумчилар фойдаланиши мумкин. Аммо бундай бўлишини ҳеч ким кутмаганди.

полвонов1

- Сиз 36 ёшда ОЧЛда “Ал-Ҳилол” дарвозасини ишғол қилдингиз. Қачонлардир фаолиятингизда шундай онлар бўлишини тасаввур қилганмидингиз?

- Тўғри, мен ҳозир 36 ёшдаман. Биласизми, 36 ёшдалигимни ҳис қилмаяпман. Ҳали ҳам 28 ёшдагидекман, кундан-кунга ёшариб кетяпман. Бу яхши, албатта. Инсон ўзида режимни қўлласа, спорт формасини ушлаб туради. Ёшим жойда, ўзимни яхши ҳис қиляпман, худди ёшлардек.

- Ўйиндан кейин Миржалол Қосимов нима деди? Масалан, унинг кўрсатмаларини майдонда қанчалик бажардинглар?

- Биринчи бўлимда бироз суст ўйин кўрсатдик. Бундан албатта мураббийнинг жахли чиқади. Мураббийнинг кўрсатмаларини қайси жойдадир аниқ кўрсата олмадик. Танаффус чоғида Миржалол Қўшоқович бизга, бу ерга, мусобақада шунчаки иштирок этиш учун келмадик деди. Олдимизга қўйилган вазифага ҳаммамиз эришишимиз шарт деб кўрсатма берди. Шундан кейин ҳаммаси яхши ўтди. Кайфиятимиз ҳам яхши, кейинги учрашувгача камчиликларимиз устида янада кўпроқ ишлаймиз.

полвонов_2

- Ўйинлар Рамазон ойида ўтказиляпти. Эшитишимча, АГМКдаги футболчилар рўза тутяпти. Бу ўйин пайтида сизларга ноқулайлик туғдирмаяптими?

- Худога шукрки, ҳеч қандай қийинчиликлар кўрмаяпман. Ҳаммаси жойида. Чунки орада вақт бор, тутаётган рўзаларимиз халақит бермайди.

- АГМК бу мусобақада нимага қодир, деб ўйлайсиз?

- Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этадиган жамоа номигагина ўйнаб кетмайди. Албатта, ҳаммада мақсад бўлади. Барчасини вақт кўрсатади. Мақсадимиз охиригача курашиш. Ҳозирча барчаси жойида.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!