Купер йиғинга чақирган футболчи кела олмайди. Унинг ўрнига номзод бор
Кеча бўлиб ўтган Суперлига 18-тур баҳсида «Локомотив» «Бунёдкор» меҳмони бўлди. Ўзига яраша қизиқ кечган баҳсда «темирйўлчилар» 1:1 ҳисобини қайд этишди.
Эътибор берган бўлсангиз, кечаги ўйинда «Локомотив»нинг икки нафар қанот ҳимоячиси майдонга тушмади. Даврон Ҳошимов сариқ карточкалари сони тўрттага етгани боис «Бунёдкор»га қарши баҳсни ўтказиб юборган бўлса, чап қанот ҳимоячиси Олег Зотеев айни пайтда даволанаётгани сабабли ўйинда иштирок эта олмади.
Албатта, мухлисларда Зотеев нима учун кўринмади, у жароҳат олдими деган савол юзага келган бўлиши турган гап. Бу каби саволларга «Локомотив» футбол клуби ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоаси шифокори Аброр Пирриев қуйидагича жавоб берди:
- 24 август куни Олег Зотеев умумий шамоллаш фонидаги бирламчи менингит ташҳиси билан стационар даволанишга ётқизилди. Одатда бундай пайтда беморнинг икки ҳафта касалхонада ётиб даволаниши талаб этилади.
Шундан сўнг яна икки ҳафта тикланиш муолажасига кетади. Оддий қилиб айтганда, Олег Зотеевда бош ва орқа мия қобиғининг шамоллаши кузатилган. Бу хавфли касаллик эмас, фақат мунтазам врач назоратида бўлиб даволаниши талаб этилади. Футболчи яхшилаб даволангач бир ойдан кейин яна сафга қайтади, - деди шифокор.
Биласиз, Олег Зотеев 28 августдан бошланадиган Ўзбекистон терма жамоасининг ўқув-машғулот йиғинларига жалб қилинганди. Аммо айни пайтда даволанаётгани сабаб терма жамоанинг сентябрь ойидаги иккита ўйинида иштирок эта олмайди.
Бугун бўлиб ўтган Эктор Купер иштирокидаги матбуот анжуманида Зотеев ўйинларда иштирок эта олмаслиги ва унинг ўрнига "Насаф"дан Шароф Муҳитдинов чақирилгани маълум қилинди.
Фикрлар