Кутилмаган бурилиш! Жасур Жалолиддинов Андижон томонларга кимдан «аразлаб» кетиб қолди?!
Яқиндагина ёш ва иқтидорли ярим ҳимоячи Жасур Жалолиддинов «Андижон» клуби билан шартнома имзолади. Кеча Россиянинг «Локомотив» клуби сафига бориб қўшилган йигит, бугун ПФЛнинг камтарин жамоаси либосида кўриниш берди. Қисқа муддат ичида бўлиб ўтган воқеалар унга қандай таъсир кўрсатди? Унинг трансферидан кимлар фойда кўрди? Бугун Жасур тушиб қолган вазият ҳақида фикр юритамиз.
Россия варианти қай даражада тўғри эди?
«The Guardian» нашрида номи эълон қилиниши билан Жалолиддиновга бўлган эътибор ортиб кетди. Жарима зарбаларини аниқ ижро этувчи, чаққон ва курашлардан қочмайдиган йигит ички биринчиликда ҳам кўзга ташлана бошлади. Терма жамоа йиғинида бўлди, жамоадошларидан фарқи сезилиб турди. Табиийки, унинг атрофида турли гранд клублар ўралашиб қолди. Аввалига, Италиянинг «Беневенто» жамоаси у билан алоқага чиқди. Футболчи бир муддат Италияда бўлди ва пандемия сабабли шартномасиз ортга қайтди. Бу орада «Бунёдкор»га бир пайтнинг ўзида 2 клубдан таклиф келиб тушди. Туркиянинг «Бешиктош» жамоаси вундеркинд учун 350 минг доллар таклиф қилди, аммо турклар бу суммани 18 ойда тўлаб беришини маълум қилди. Кейин, Юрий Белоус ишга киришди. Юрий «Локомотив» раҳбари Василий Кикнадзени Жасур учун 350 минг доллар тўлашга кўндирди. «Бунёдкор»га «темирйўлчилар» 350 минг долларни дарҳол тўлаб берадиган бўлди. Қарабсизки, Жасур Россияга учиб кетмоқда. Бу воқеалардан хабарингиз бор, бироқ ушбу муддат орасида бўлиб ўтган иш бугунги мақоламизнинг асосий мавзуси.
Жасур Россияда нега ўйнаб кета олмади?
Бунга кўплаб омилларни сабаб қилиб кўрсатишимиз мумкин. Унга бўлган катта эътибор ва кутилган юксак натижанинг босими оғирлик қилди. Жуда эрта мусофирчилик бошига тушган Жалолиддинов барчасини енгиб ўтиши мушкул эди. Биз футболчини ёнини олмоқчи эмасмиз, аммо ҳар қандай мураббий ўз шогирдининг потенциалини тўғри баҳолай олиши керак. Унинг трансферидан Ўзбекистон томонидан кимлар иштирок этган бўлса, айнан улар олдинда турган сафарнинг қийинчиликлари ва синовларидан 18 ёшли йигитчани бохабар қилиши шарт эди. Ярим ҳимоячи учун таклиф қилинган сумманинг улкан эканлиги балки воқеага таъсир кўрсатгандир, бироқ бу йигит келажакда 10 баробар кўпроқ даромад келтириши ҳам мумкин эди. Якунда нима бўлди? Биз сўнгги йиллардаги энг иқтидорли футболчимизни йўқотдик, РПЛ мухлислари олдида имижимиз тушиб кетди.
Боз устига, Юрий Белоус аралашган трансфер ҳали-ҳамон Россия ОАВ томонидан муҳокама қилинмоқда. Бу ҳам ўзбек футболи учун катта минус. Майли, бу пул ва обрў ўз ўрнига. Етимликда катта бўлган қоракўз ўзбек йигитининг синган кўнгли учун ким жавоб беради? Мана бу савол очиқлигича қолмоқда. Мен Жасур билан бир неча бор суҳбат қурганман. Шу боис, унинг «Бунёдкор» клубига бўлган эҳтироми қай даражада эканлигидан хабарим бор. Катта эҳтимол билан, унинг кўнглида «Бунёдкор» ўз ўрнини йўқотгани йўқ, аммо уни Белоуснинг «қармоғига илинишига» кўмаклашганлардан ранжигани аниқ. Бош мураббий ўзгарган бўлса-да, унинг штабида ҳеч қандай рокировка бўлгани йўқ. Айнан шу омил сабабли, Жасур водийга йўл олишга қарор қилган кўринади. Тўғрида, ақлли инсон бир марта алданади. Ушбу трансфердан бевосита иштирок этганлар ҳаммасини рад этиши мумкин, бироқ ҳақиқат бир кун келиб барибир юзага чиқади.
«Андижон»да шов-шув!
Тўғриси, футболчининг «Андижон» клуби билан шартнома имзолаши кўпчилик сингари мени ҳам ҳайрон қолдирди. Сўнгги йилларда Суперлигада жон сақлаб қолиш учун кураш олиб бораётган жамоада олдига улкан мақсадлар қўйган Жасурнинг пайдо бўлиши бежиз эмасга ўхшайди. Ёш бўлишига қарамай, катта синовларга дуч келган футболчи бироз сокинроқ ҳаёт тарзига қайтмоқчи. У яна аввалгидек яшил майдон, мухлислар олқиши ва мириқиб тўп суришни соғинган. Қаҳрамонимиз сўнгги 3 ой ичида нафақат Ўзбекистон, балки Россия матбуотида ҳам бот-бот тилга олинди. Майли, ўтган ишга саловат. Асосийси, буёғига тўхтаб қолмаслик. Яратган томонидан берилган иқтидорни бандаси тортиб олишга қодир эмас.
Тўғриси, Андижонлик мухлисларнинг Жалолиддиновни қандай кутиб олганини кўриб хурсанд бўлдим. Бу бир томондан ёқимли, аммо…
«Барселона»да порлаб чиққан Боян Кркич ёдингизда бўлса ажаб эмас. 18 ёшида Европа Чемпионлар Лигасида зафар қучган йигит шу қадар тез машҳур бўлиб кетдики, ҳатто уни Месси билан қиёслашни бошлаб юборишди. Қаҳрамонимиз 2012 йилда Испания терма жамоасидан чақирув олди, бироқ Европа чемпионатига бормади. Кейинроқ у ўз қарорини қуйидагича изоҳлаган эди:
«Мен машғулотлардан сўнг, тезда уйга жўнашга мажбур эдим. Мухлисларнинг олқиши, стадионнинг босими мени ҳар куни чарчатиб қўяр, худди кучимни суғуриб олаётгандек эди, гўё. Уйга келишим билан ўз хонамга кирардим ва қулфланиб олар эдим. Фақат шу ердагина ўзимни бехавотир сезаман. Менга Европа чемпионатида иштирок этувчи футболчилар рўйхатида бор эканлигимни айтишганида, ичим музлаб кетди. Энди мазза қилиб дам олмоқчи эдим. Тўғриси, қўрқув кучлилик қилди. Таклифни рад этдим ва Испанияни Европа чемпиони бўлганини уйда кузатдим».
Дарҳақиқат, меҳр-эътибор керак, бироқ ҳаммаси ўз меёрида бўлгани яхши. Водий аҳли футболни севади. Буни барчамиз яхши биламиз. Ҳозир Жасур эътиборга муҳтож, бироқ ундан «мўъжиза» кутишга ҳаққимиз йўқ. Биринчи навбатда, у ўз кучига бўлган ишончини тиклаб олиши лозим. Ана шунда, аввалгидек тўхтатиб бўлмас кучга айланади.
Унинг трансферида фаол иштирок этганлар мухлислар олдида жавоб бермаслиги мумкин, бироқ ўз виждони олдида юзлари шувут эканлиги аниқ. Майли, ҳаммасига вақт олий ҳакам.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
Фикрлар