Ла Лига якунлари: натижалар, фактлар, рекордлар

Натижалар

Сўнгги тургача мухлислар эътиборини ўзига қарата олган, шиддатли учрашувлари билан томошабинлар олқишига сазовор бўлган Испания чемпионати 89-мавсумини якунлади. Унда 380 та ўйин ўтказилиб, жами 942 та тўп киритилди (ҳар бир баҳсда ўртача 2,48 та гол). Мусобақани “Реал” чемпион сифатида якунлаб, “Барселона”ни иккинчи ўринга михлади. Кучли учликка пойтахтнинг яна бир вакили “Атлетико” якун ясади. “Леганес”, “Мальорка” ва “Эспаньол” жамоалари эса элитани тарк этди.

Месси ла лига якун
Тўпурарлар пойгасида Лионель Месси 25 та гол билан пешқадам бўлди. Эътиборли жиҳати, аргентиналик супер юлдуз бу совринга умумий ҳисобда 7-марта ва қаторасига 4-бор эга чиқмоқда. Қўшимчасига, у 21 та голли узатма билан кетма-кет 3-мавсум Ла Лиганинг энг яхши ассистенти бўлиб келмоқда.

Месси якун
Ушбу мавсум “Сельта” клуби ўз майдонида“Алавес”ни тор-мор келтирди ва бу натижа уй учрашувларидаги энг йирик ҳисоб сифатида қайд этилди. 2020 йилнинг 21 июнида Вигодаги “Балаидос” стадионидаги баҳс мезбонларнинг 6-0 кўринишидаги ғалабаси билан тугаган. Меҳмондаги ўйинда энг йирик ҳисобни “Атлетико” ва “Барселона” қайд этди. “Матрасчилар” дебютант “Осасуна”ни, Кике Сетьен шогирдлари эса “Алавес”ни 5:0 ҳисобида енгди. “Вильярреал” ва “Гранада” ўртасидаги ўйинда энг кўп гол киритилди – 4:4.

гранада
Фактлар

Пандемия сабаб юзага келган танаффусдан сўнг 39 кун ичида 110 та ўйин ўтказилди ва бундан баъзи жамоалар зарар кўришди. Ла Лиганинг 27-туридан сўнг, яъни танаффусгача Чемпионлар лигаси йўлланмаларини тақдим этувчи 4-поғонада бораётган “Хетафе” жамоаси якунда 8-ўрин билан Еврокубоклардан қуруқ қолди. Улардан-да кўпроқ “куйган” “Барселона” эса рестартгача энг яқин таъқибчиси “Реал”дан олдинда бора туриб, охири бош совринни Мадрид жамоасига бой берди.
2019/20 йилги мавсумда 34 ўйиндан 18 тасида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган Тибо Куртуа Испаниянинг машҳур "Marca" нашри томонидан таъсис этилган “Zamora” совринига эга чиқди. Бу орқали бельгиялик посбон ушбу ютуққа 2 клуб сафида эришган илк кипер сифатида тарихга кирди.

куртуа
Ушбу мавсумда футболчиларга 1899 та сариқ ва 84 та қизил карточка кўрсатилди. Энг кўп огоҳлантириш берган ҳакамлар:
Хавьер Эстрада Фернандес 20 ўйин, 130 та сариқ, 6 та қизил;
Давид Медье 19 ўйин, 117 та сариқ, 5 та қизил;
Матеу Лаос 21 ўйин, 110 та сариқ, 5 та қизил карточка
Энг қўпол ўйинчилар:
Дамиан Николас 15 сариқ, 1 қизил;
Жерар Пике 15 та сариқ;
Хонатан Сильва 13 сариқ, 1 қизил;
Аллан-Ромео Ньом 13 сариқ, 2 қизил карточка

Лаос ҳакам
Жамоалар кесимида қарасак, “Хетафе” клуби футболчилари умумий ҳисобда 126 та сариқ карточкага лойиқ кўрилди. Бу борада энг тартибли жамоа сифатида “Леванте” клубини аъзоларини эътироф этиш жоиз. Улар мавсум давомида 69 бор ҳакамлар томонидан сариқ карточка билан огоҳлантирилган. “Эспаньол” ҳамда “Реал Бетис” вакиллари эса 9 тадан қизил карточка олди. Аксинча, “Вальядолид” футболчиларидан ҳеч ким майдондан ҳайдалмасдан, ҳақиқий интизом намунасини кўрсатди.
Яна бир қизиқарли фактни эътиборингизга ҳавола қиламиз: мавсумда гол уриш бўйича энг сермаҳсул футболчи Марко Асенсио бўлди. Мавсум аввалида оғир жароҳат олиб, аксарият ўйинларни ўтказиб юборган испан вингери умумий ҳисобда 334 дақиқа ўйнаб, бу вақт ичида учта гол ура олди. Бу ўртача ҳар 111 дақиқада 1 та гол, дегани. Ундан кейинги поғоналардан Месси ва Луис Суарес ўрин олган. Лео ўртача ҳисобда ҳар 115 дақиқада гол урган бўлса, бу кўрсатгич “Эль Пистолеро”да 147 дақиқани ташкил қилади.

Асенсио
Рекордлар

Юқорида айтилганидек, Лионель Месси бу мавсумда рақобатчиларига қараганда кўпроқ тўп киритди ва мавсумни тўпурарлар рўйхатида 1-ўринда якунлади. Натижада, Лео"Marca" нашри томонидан Ла Лига тўпурарига тақдим этиладиган “Pichichi” совринини қаторасига 4-марта қўлга киритди ва 1984-1988 йиллар оралиғида мексикалик Уго Санчес томонидан ўрнатилган рекордни такрорлади. Фарқли жиҳати шундаки, Уго бу совринларни Мадриднинг “Реал” ҳамда “Атлетико” жамоалари сафида ютган. Лео эса 1 клуб таркибида бундай натижаларни қайд этиб келмоқда.

Каталонияликларнинг яна бир аъзоси ушбу мавсум рекорд қайд этди. Жамоа дарвозабони Марк-Андре тер Штеген 2020 йил 15 февраль куни “Хетафе”га қарши баҳсда 69 та узатма амалга оширган ҳолда, Ла Лига рекордини ўрнатган.

Тер штеген
Ашаддий рақибларига жавоб тариқасида “Қироллик клуби” вакиллари ҳам бир қанча рекордларни янгилади. Хусусан, жамоа сардори Серхио Рамос “эль-класико”ларда майдонга тушиш бўйича рекорд ўрнатди. Испан футболчиси умумий ҳисобда 44 марта каталонияликлар билан бўлган ўйинларда иштирок этган. Навбатдаги ҳар бир ўйин “Эль Капитано” учун янгиланган рекорд бўлиб хизмат қилади.

Рамос якун
Бу мавсумда яна бир қанча эски натижа янгиланди. Яъни, “Реал Бетис” ярим ҳимоячиси Хоакин Санчес “Реал” афсонаси Альфредо Ди Стефанонинг рекодини “ўзлаштирди”. 2019 йил 8 декабрда Бильбаонинг “Атлетик” жамоаси дарвозасига хет-трик йўллаган Санчес бундай натижа қайд эта олган энг ёши катта футболчи сифатида тарихга кирди. Испаниялик футболчи 38 ёш-у 140 кунлигида 55 йиллик рекордни ортда қолдирган эди.

Хуакин
Йилдан йилга ҳар томонлама ўсишга эришаётган Ла Лига бизни бу мавсумда ҳам ажойиб футбол спектакллари билан хурсанд қила олди. Кейинги мавсумларда ҳам ушбу чемпионат ўзининг унутилмас ўйинлари билан бизга манзур бўлишига ишонамиз. Роппа роса 49 кундан сўнг Ла Лига 2020/21 йилги мавсумига старт берилади. Ва биз унгача сиз азиз мухлисларни зериктириб қўймасликка ваъда берамиз.

чемпион реал

Жавоҳир Азимов тайёрлади

SPORTS.uz талқини бўйича Европа кучли бешлик чемпионатлари рамзий терма жамоаси

Афсонавий “Милан”: зафарлар, инқироз, муаммо ва ечимлар

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)