Ла Лигада 86 нафар футболчи жамоасини тарк этиши мумкин
Европа лигаларининг аксариятида қишки трансферлар ойнаси очилди. AS нашрининг хабар беришича, Испания чемпионатида 86 нафар футболчининг шартномаси якунланишига ярим йил вақт қолди.
ФИФА қоидаларига кўра, уларнинг барчаси бошқа клублар билан музокара ўтказиш ҳуқуқига эга.
Таркиб масаласида энг кўп бош қотириши керак бўлган жамоа “Атлетик Бильбао” ҳисобланади. Бу жамоанинг тўққиз нафар ўйинчиси – Муньяин, Андер Эррера, Рауль Гарсия, Гурузета, Беренгер, Юри Берчиче, де Маркос, Ноласкоайн, Дани Гарсиянинг шартномаси мавсум охирида тугайди.
“Вильярреал”да эркин агентга айланиш арафасида турган футболчилар сони саккиз нафарни ташкил қилади. Пепе Рейна, Альбиоль, Альберто Морено, Адрия Альтимира, Коклен, Капуэ, Парехо, Моралесга тез орада шартнома таклиф қилинмаса, улар ёзда ўзига бошқа жамоа топиши талаб этилади.
Шунингдек, “Атлетико” ҳам етти футболчиси келажаги бўйича бир қарорга келиши керак. Мадридликлар сафида ўйнаётган Коке, Эрмосо, Витсель, Савич, Аспиликуэта, Грбич ва Витолонинг мавсум охирида шартномаси тугайди.
Испания чемпионати юқори дивизионида фақатгина “Реал Сосьедад”да ёзга эркин агентга айланадиган ўйинчилар йўқ.
Фикрлар