Легионер дарвозабонимизни Арманистон ва Қозоғистонда кутишяпти, ўзи эса...

Тожикистон биринчилигида тўп сураётган легионерларимиз борлигини билсангиз керак-а? “Равшан” жамоаси дарвозасини қўриқлаган посбон Муҳриддин Аҳмедов эканлигини алоҳида айтсак арзийди. Боиси, у ўз клубининг асосий дарвозабони сифатида барчада илиқ таассурот қолдирди.

Ўтган йили Қирғизистон чемпионатида иштирок этган дарвозабон бу мавсумни Тожикистонда ўтказди. Афтидан, у янада яхшироқ чемпионатга кўчиб ўтадиган кўринади. Боиси, ҳамюртимизга Тожикистон чемпионатидан савияси баландроқ бўлган биринчиликлардан аниқ таклифлар келиб тушяпти. Қолганини унинг ўзидан батафсил эшитамиз.

“Клубим янги шартнома таклиф қилди”

- Клуб билан бир йиллик шартномам бор эди, - дея гап бошлади Аҳмедов. - Биз мавсум давомида 5-6-ўринларда юрдик. Лекин таркибимизда кўп жароҳат олганлар бўлди ва иккита легионеримиз коронавирусга чалиниб қолди. Кейин улар ўз давлатига қайтариб юборилди. Ўша легионерларсиз натижада мавсумни 8-поғонада тугатдик ва Тожикистон олий лигасида қолдик. Жамоа менга янги шартнома таклиф қиляпти. Мен ҳали бу тўғрисида яхшилаб ўйлаб кўришим керак, олдимизда вақт кўп. Менда бундан ташқари яна ўйлаб кўрадиган бошқа таклифлар ҳам бор. Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистон чемпионатларидан жиддий қизиқишлар бўляпти. Тўғрисини айтсам, ўзимга қолса, Ўзбекистон Суперлигасида ўйнашни хоҳлайман. Тан оламан, Қозоғистон варианти ҳам менга қизиқ туюляпти. Декабрь ойида аксарият жойларда чемпионат тугаб, барча дам олади. Менимча, январь ойида ҳал бўлади.

ахмедов1_1

“Менда ҳеч қанақа агент йўқ”

- Янги таклифлар бўйича батафсил гапирадиган бўлсам, яқинда Арманистон клубини бошлиғи бизнинг “Истиқлол” билан ўйинимизга келди. Ўйиндан кейин номеримни олди ва мен билан алоқага чиқди. Бизни чемпионатда ўйнай оласанми, кучинг етадими, деб сўради. Барибир бу ҳам Европа-ку, ўйнаб кўришни хоҳлардим. Ўша “Истиқлол” билан учрашувда биз 0:2 ҳисобида мағлуб бўлдик. 85-дақиқада биринчи голни пенальтидан ўтказдик ва иккинчисини дарвозамиздан 90+3-дақиқада олиб чиқдик. Ўша ўйиндан келиб чиқиб, арман клуби бошлиғи менга таклиф билдирди. Қозоғистондан таклиф билан айнан қайси клуб чиққанини айтмай турганим маъқул. Менда ҳеч қанақа агент йўқ. Шунинг учун клублар доим ўзимга алоқага чиқади.

ахмедов4

“Футболчи сифатида ўсишга эришдим”

- Ҳа, бу йил Тожикистон чемпионатида биринчи мавсумни ўтказдим. Бу ердаги савия анча ошяпти. Буни “Истиқлол” Осиё Чемпионлар лигасида кўрсатиб қўйди. Тожикистондаги фаолиятимдан қониқиш ҳоси қилдим, десам ҳам бўлади. Бошида жароҳат туфайли 5-6 та турни ўтказиб юбордим. Майдонга қайтганимдан сўнг, 20 тага яқин ўйинда иштирок этдим. Бу ерда футболчи сифатида ўсишга эришдим. Мусофир юртда тўп суриш барибир бошқача. Айниқса, дарвозабон сифатида легионер мақомида ўйнаш оғир масъулият. Ҳар бир учрашувда жиддий босим бўлади. Чунки легионер бўлганингиз учун ҳар бир ўйинингизни кузатишади ва сиздан кўп нарса кутади. Ахир легионерсиз ва бошқалардан икки-уч бош устун бўлишингиз талаб этилади. Кейинги йили бундан ҳам яхши бўлади, деган умиддаман.

ахмедов_1

“Бу ерга келиб ўзимни кўрсатмаганимда менга пул сарфламасдилар”

- Мен ўйнаган жамоа хусусий ҳисобланади, бизнесменнинг клуби. У ерда ойлик маошлар ўз вақтида берилади. Фақат икки ойлик ҳисоб-китоб қиладиган ишлари қолди холос. Мен билан яна иккита ганалик легионер бор эди. Бизга алоҳида уй беришган. Футболчиларга шароит ва эътибор яхши. Агар бу ерга келиб ўзимни кўрсатмаганимда менга пул сарфламасдилар. Легионер учун 1000 доллар тўлаб федерацияда рўйхатдан ўтказилади. Ўйинимни кўриб, маъқул келганидан кейин мен учун харажат қилишган. Клубда ойлик ва мукофот пуллари ҳаммага ҳар хил. Албатта, легионерларга кўпроқ тўланади. Талаб ҳам шунга яраша сўралади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!