Легионерга айланаётган ўзбекистонлик футболчилар,
Ads

Хабарингиз бор, сайтимиз томонидан “Ҳафта воқеликлари” дея номланган лойиҳани тақдим этиб келмоқдамиз. Сиз унда ўзбек, Осиё ва жаҳон футболида содир бўлган ҳафтанинг энг муҳим воқеликлари билан танишишингиз мумкин.

Дастлаб ўзбек футболи ҳақида.

Ўзбекистонлик футболчилар легионерга айланмоқда. Ўтган ҳафта Икром Алибоев Жанубий Кореянинг “Сеул” клуби билан шартнома имзолаганди. Бир неча кундан сўнг эса Достонбек Турсунов Японияга, Артём Филипосян Таиландга йўл олиши маълум бўлди.

Кўрсатувнинг ўтган сонида “Локомотив” футболчиси Икром Алибоев Жанубий Кореянинг “Сеул” клуби билан шартнома имзолагани борасида хабар бериб ўтгандик.

Бир неча кун олдин ўзбекистонлик яна бир футболчи легионерга айланди. Фарғонанинг “Нефтчи” клуби ҳимоячиси Достонбек Турсунов фаолиятини Япониянинг "Ренофа Ямагучи" клуби билан 2020 йилнинг охирига қадар шартнома имзолади. Ушбу жамоа 1-лигаси иштирокчиси саналади.

Японияга кўчиб ўтган Достонбек Турсунов ўзини мени қўллаб-қувватлаган барчадан миннатдор эканлигини, клуби билан 2020 йил охирига қадар шартнома тузганини ушбу трансферда унга ёрдам берган инсонларга миннатдорчилик изҳор этди. Шунингдек, жамоада шароитлар аъло даражада эканлигини, энг кучли чемпионатда тўп тепишидан мамнунлигини ва терма жамоамиз билан Осиё Кубогида зафар қучишни жуда хоҳлашини клуб матбуот хизматига маълум қилди.

Маълумот ўрнида, "Ренофа Ямагучи" клуби мавсумни қуйи лигада 8-ўрин билан якунлади.

Қолаверса, “Бухоро” клуби ҳимоячиси Артём Филипосян Таиланднинг "Прачуап" жамоаси билан шартнома имзолади. Қайд этиш жоиз, мазкур клуб Таиланд Олий дивизионида фаолият олиб боради ва ўтган мавсум 6-ўринни эгаллаган эди.

Маълумот ўрнида, ушбу жамоада бир вақтлар "Пахтакор" шарафини ҳимоя қилган Аднан Ораховац ҳам фаолият олиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, 30 ёшли Филипосян бунга қадар "Машъал", "Насаф", "Бунёдкор", Хитойнинг "Ляонин", "Локомотив", "Динамо" ва "Бухоро" жамоаларида тўп тепган.

 

Юртимизга келган хорижлик ўйинчиларнинг клубдан клубга кўчиб ўтиши давом этмоқда. Трансферларнинг бўлгани яхшидир. Лекин мамлакат чемпиони, ОЧЛ-2019 гуруҳ босқичида иштирок этадиган жамоа ўз етакчиларининг ўрнига оддий легионерларни қўшиб олиши халқаро мусобақадаги мавқеимизни ҳавф остида қолдириши мумкин

Тошкентнинг “Локомотив” клуби сербиялик икки футболчи билан шартнома имзолади. Клуб расмий сайтида ёзилишича, кейинги мавсумда ҳам ўз олдига юқори мақсадларни қўйган "Локомотив" футбол клуби АГМКдан Йован Жокичнинг трансферини эълон қилди.

Ўтган мавсумда АГМК таркибида ажойиб ўйин кўрсатиб, жамоанинг Ўзбекистон Кубоги финалида ғолиб бўлишида асосий ўрин тутган, кўплаб голлар уриб, сермаҳсулликни намойиш қилган, йил рамзий термасидан ўрин олган Жокич "Локомотив" мураббийлар штаби эътиборига тушди. Йован Жокич 2019 йилги мавсумда Осиё чемпионлар лигаси, Ўзбекистон чемпионати ва Ўзбекистон Кубогида "темирйўлчилар" шарафини ҳимоя қилади.

1992 йилнинг 13 август кунида Сербияда таваллуд топган ярим ҳимоячи "Явор" футбол клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. У ушбу клуб таркибидаги 6 йиллик фаолиятидан кейин Қозоғистоннинг "Атирау", кейинчалик Олмалиқнинг АГМК жамоасида тўп тепди. Ишончли ўйин ва чиройли голлар "Локомотив" ўтишга туртки бўлди, - дея ёзилади клуб расмий сайтида.

Шунингдек, “темирйўлчилар” шу куни Филипп Райевацнинг трансферини ҳам эълон қилшди.

- Сўнгги икки мавсум давомида "Қўқон-1912" ва "Бунёдкор" жамоаларида ажойиб ўйинлар кўрсатиб, бир неча бора муҳим голларни урган, керакли ўйинларда ўзини кўрсатган, мухлислар эътиборини қозонган сербиялик Филипп Райевацнинг ўйинлари "Локомотив" футбол клуби мураббийлар штабига маъқул келди.

1992 йилнинг 21 июнь кунида Сербияда дунёга келган ҳужумчи Сербиянинг "Колубара", “Белград”, Польшанинг "Сиарка", Ўзбекистоннинг "Қўқон-1912" ва "Бунёдкор" клуби шарафини ҳимоя қилган.

“Локомотив” ушбу футболчиларнинг Икром Алибоев ва жамоани тарк этиши кутилаётган бошқа етакчиларининг ўрнини тўлдириш учун олиб келди. Аммо бу ўйинчилар кетганларнинг ўрнини босишига ишониш қийин.

Майли, клубга кимни олиб келиш, қайси футболчини трансферга қўйиш клуб мутасаддиларининг иши. Лекин Ўзбекистон чемпиони, халқаро мусобақада юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган клуб оддий трансферлар орқали салбий натижаси билан мавқеимизни яна-да тушириб юбориши мумкин.

Шу боис, биз гранд жамоаларимиз трансферларда нафақат клуб, балки юртимизга фойдаси тегадиган легионерларни олиб келиши мақсадга мувофиқдир.

 

Жозе Моуриньо “Манчестер Юнайтед”ни тарк этди. Унинг ўрни ҳали совиб улгурмасдан клуб бошқарувига жамоанинг собиқ ўйинчиси келди.

Англиянинг “Манчестер Юнайтед” клуби бош мураббийи Жозе Моуриньо “Ливерпуль”га қарши учрашувдаги мағлубиятдан сўнг 18 декабрь куни истеъфога чиқарилди.

Клуб раҳбарияти Моуриньони муваффақиятсиз натижалар туфайли ишдан олди. Аммо Жозенинг МЮдаги натижалари сиз ўйлагандек ёмон эмасди. Статистикага назар солсак, мураббий ғалабалар сонини фоиз ҳисобида олинганда “Манчестер Юнайтед”нинг сўнгги 10 йилликдаги энг яхши иккинчи мураббийи бўлиб чиқмоқда. "Манчестер Юнайтед" Моуриньо бошчилигида 144 та учрашув ўтказиб, уларнинг 84тасида ғалабага эришди, бу 58%ни ташкил қилади. 34 та баҳс дуранг билан якунланди, 28 та ўйин эса муваффақиятсизлик билан якунланди.

"Манчестер Юнайтед" мураббийларининг ғалабалар фоизи (2008-2018)

Алекс Фергюсондан ғалабалар фоизи 59%ни ташкил қилган экан.

Унинг истеъфосига натижадан ташқари жамоадаги футболчилар билан келиша олмаганлиги ҳам сабаб бўлди. Жумладан, “Ювентус”дан катта умидлар эвазига ортга қайтарилган Поль Погба билан охирги пайтларда низодан боши чиқмай қолганди Жозенинг. Ҳаммаси йиғилиб шу ергача келди ва португалиялик мутахассис МЮни тарк этди. 19 декабрь куни манкунианликлар жамоага янги вақтинча бош мураббийни эълон қилишди.

МЮнинг норвегиялик собиқ ҳужумчиси Оле-Гуннар Сульшер жорий мавсум якунигача "қизил иблислар" бош мураббийи сифатида ишлайди. Унга Майк Филан, Майкл Кэррик ва Киран МакКенна ёрдам беради.

 

ЕЧЛ нимчорак финалига қуръа ташланди. Қуръа натижалари бизга шу қадар ажойиб тўқнашувларни тақдим этдики, кўпчилик финални мезбонларсиз ўтадими ёки Роналдусиз деган саволга ҳозирдан жавоб қидира бошлашди.

ЕЧЛ нимчорак финалига қуръа ташлаш маросими ўтказилди. Қуръа натижалари бизга бир-биридан қизиқарли қарама-қаршиликларни тақдим этди. Айнан қайси тўқнашувлар эканлиги борасида тўхталиб ўтирмай бир бошидан бошлаймиз.

“Шальке” – “Манчестер Сити”

Манчестерликлар бир қарашда оддий рақибга дуч келгандек. Лекин германияликлар осон жамоа эмас. Улар бу босқичга тасодифан чиқадиганлар сирасига киришмайди. Чорак финал “Шальке” учун охирги йўл бўлиши мумкин. Аммо нимчорак эмас. Шу боис Хосеп Гвардиола шогирдлари эҳтиёткорликни унитмаган ҳолда ҳаракат қилишлари талаб этилади.

“Атлетико” – “Ювентус”

Бу учрашув финал олди финалга баҳоланмоқда. “Реал” билан клублар ўртасидаги барча совринларга эга чиққан Роналду “Юве”нинг имкониятларини янада ошириб юборгани бор гап. Чунки бу мусобақани айримлар Криштиану Роналду Лигаси дея номлаб бўлишган. ЕЧЛ айнан португалиялик юлдуз учундек гўё. Унинг голлари, рекордлари фикримиз исботидир.

Тақдир уни Туринга йўналтирди. Аммо “Ювентус” оддийлар ичидаги кучли жамоа эмас, балки етакчиларга рақобат туғдирадиган рақибдир. Роналдуси бор “Юве” турнир фаворитига айланган.

Қуръанинг кўзи кўр деб бекорга айтишмаган. “Ювентус” ЕЧЛ финалининг бу мавсумдаги мезбони “Атлетико”га қарши баҳс олиб боришига тўғри келади. Нимчорак финал кўриб турганингиздек дахшатли жангни тақдим этди. Чунки ким кейинги босқичга йўл олади деган саволга аниқ жавоб берадиган одам топилмаса керак. Ҳуллас финал мезбонларсиз ўтадими ёки Роналдусиз деган саволга февралда жавоб оламиз. Унгача эса жамоалар қай ҳолатда етиб боришлари ҳам жуда муҳимдир.

Эслатиб ўтамиз, ЕЧЛ финал баҳси Мадриднинг "Атлетико" стадионида бўлиб ўтади. 

“Манчестер Юнайтед” – ПСЖ

“Қизил иблислар” айни пайтда муаммолар гирдобида. Боз устига АПЛнинг охирги турида ўзларининг азалий рақиби “Ливерпуль”га имкониятни бой беришди. Бу орқали Жозе Моуриньо истеъфога чиқарилди.

ЕЧЛ қуръаси манкунианликларга яна бир жиддий синовни тақдим этди. Тўғри, парижликлар ҳам таркибга яраша грандларга қаршилик кўрсата олишмасликларини бир неча йилдан бериб кўриб турипмиз. Аммо МЮда ҳозир вазият умуман бошқача. Аммо бу жамоалар тўқнашувида фаворит – ПСЖ.

“Тоттенхэм” – “Боруссия Д”

Ушбу қарама-қаршиликда тенг кучли жамоалар дуч келишди. Бир-бирига муносиб клублар. Ҳужумкорликни ҳуш кўрадиган жамоалар.

“Тоттенхэм” бир неча йилдан бери бир хил таркибда ўйин намойиш этмоқда. Германияликлар эса бу мавсум ўз ўйинларини топиб олишди. “Боруссия Д” ЕЧЛда энг кам гол ўтказиб юборган жамоа. Шундай экан тенг кучлилар баҳсида ғолиб охирги сонияларда аниқланса ажаб эмас.

“Лион” – “Барселона”

Бу ўйинга ортиқча тўхталиб ўтишнинг ҳожати бўлмаса керак. Каталонияликлар қийинчиликсиз Франция клубини мағлуб этиши кутилмоқда. Ҳар ҳолда Лионель Месси яхши спорт формасига кириб бормоқда.

“Рома” – “Порту”

Ушбу жамоалар ҳам бир-бирига мос. “Рома” ўтган йилги “Рома” эмас. “Порту” ҳам шундай. Жуфтлик ғолибини олдиндан айтиш мушкул.

“Аякс” – “Реал”

“Барселона” каби “Реал”га ҳам қуръа осон рақибни тақдим этди. Одатда плей-оффларга қуръадан сўнг “қироллик клуби”га шундай рақиблар тўқнаш келади ва кўпчилик бунда Флорентино Переснинг қўли борлигини айтади. Аммо ўтган йили мадридликлар ПСЖ тўсиғидан ўтиб, қийин рақибларни ҳам плей-оффларда таслим эта олишларини кўрсатишди. Шу боис ҳам бу галги қуръа натижаси ортиқча муҳокамаларга сабаб бўлмаяпти.

“Ливерпуль” – “Бавария”

Турнир вафоритларидан иккита бу босқичда тўқнаш келди ва биттаси четга чиқишига тўғри келади. “Бавария” муаммолар кўчасига кириб қолган. Бундеслигада ҳам ишлари юришмаяпти. “Ливерпуль” эса борган сари иштаҳаси очилиб, АПЛда Хосеп Гвардиолага тинчлик бермаяпти. Юрген Клопп шогирдлари ҳозирча яхши ҳолатда.

Аммо шуни унимаслик керакки, “Бавария” каби грандлар феврал ойларидан оптимал формага кириб боради. Тўғри, жамоа олдинги каби тажовускор ўйнамаяпти. Барча мусобақаларда асосий кураш энди бошланишини инобатга олсак, бу тўқнашув яқин йиллар ичидаги ажойиб дуэлга айланиши мумкин.