Легионеримиз энди бошқа чемпионатда ўйнайди. Унга 4 ойлик шартнома таклиф қилинди
Ўзбекистонлик футболчилар орасида кўпчилиги хорижда тўп суряпти. Бу борада кимни қаерда ўйнаётганини эшитганлар ҳам, эшитмаганлар ҳам бор. Биз эса имкон қадар легионерларимизни қаерда ва қандай фаолият олиб бораётгани хусусида маълумотлар бериб боришга ва уларни ёритишга ҳаракат қиляпмиз.
Бу сафар ҳам яна бир легионеримизга тўхталиб ўтмоқчимиз. Гап 32 ёшли ҳимоячи Мурод Тўйчибоев ҳақида кетмоқда. У декабрь ойида Индонезияга жўнаб кетди ва Лига 2 қатнашчиси – “Персику” жамоаси аъзосига айланди.
Эътиборлиси, у 2019 йилдан бери легионер сифатида бошқа мамлакатларда тўп суриб келади. Тўйчибоев юртимизда ҳам фаолият олиб борган. Жумладан, “Металлург”, “Динамо”, “Навбаҳор”, “Нефтчи”, “Нурафшон”, “Оқтепа” ва “Сурхон”да ўйнаган. Унинг хорижда тўп сурган клублари сони эса 8 тага етди.
Мурод Бангладешнинг “Арамбаг”, “Бразерс Юнион”, Грузиянинг “Торпедо Кутаиси”, Малдивнинг “Иглз”, Қирғизистоннинг “Алай” ва “Киргизалтин”, Индонезиянинг ПСКС ва мана энди “Персику” жамоасида тўп сурмоқда. Кўриб турганингиздек, у ўйнаган клублар орасида “Торпедо Кутаиси” номдорроқ ва кучлироқ эди.
Тўйчибоев Индонезияга кетгунга қадар Қирғизистон чемпионатида фаолият кўрсатиб келаётганди. Қизиғи, ҳамюртимиз фаолияти давомида ҳозирга қадар битта гол урган. 2021 йили Грузия чемпионатида “Торпедо Кутаиси” сафида тўп киритган. Шунингдек, фаолиятида 4 марта голларга ассистлик қилган. Энди эса у ўз омадини яна бир бор Индонезия чемпионатидан изламоқда.
Ҳозирда у тўп сураётган клуб Лига 2 да иштирок этаётгани тўғрисида юқорида тўхталдик. Бу худди бизнинг про лигамиз кабидир. Футболчимиз у ерга иккинчи даврада қўшилди. Аммо легионеримиз ҳали дебют ўйинини ўтказгани йўқ (4 январь куни дебют ўйинини ўтказиши кутилмоқда). Ортда қолган учта учрашувда у майдонга туша олмади. Бунга трансфер ойнаси сабаб бўлди. 19 декабрда трансфер ойнаси очилган ва энди январь ойидан у расмий баҳсларда иштирок этиш имконига эга.
Қизиғи шундаки, Мурод Тўйчибоев “Персику” билан 4 ойлик шартномага имзо чекди. Чемпионат тугагач, у яна эркин агентга айланади. Кўриниб турибдики, “Персику” клуби Тўйчибоевни чемпионат охиригача ёрдам бериши учун таклиф қилган. Чунки клуб ҳозирда турнир жадвалида пастки ўринлардан бирини эгаллаб турибди ва имкон қадар юқорига кўтарилиш ҳаракатида. Шу сабабли қисқа муддат учун Мурод Тўйчибоевнинг хизматидан фойдаланишни ва айниқса ҳимоядаги муаммоларни бартараф этишни кўзлашган.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар