Легионеримиз энди Ҳиндистон чемпионатида ўйнайди. Аммо шартнома 3 ойлик холос. Нима учун?
Охирги икки йилни Тожикистоннинг “Хўжанд” жамоасида ўтказган ҳамюртимиз Самандар Очилов бу йилги мавсумни ҳам яна легионер сифатида бошлайди.
Ҳимоячи яқинда Ҳиндистоннинг “Кенкре” клубига йўл олди ва шартнома имзолади. Натижада у легионерликдаги фаолиятини четда давом эттиради. Очилов у ерга кетгани ҳақида Sports.uz сайтига гапириб берди.
"Ҳиндистонга таклиф агентим орқали амалга ошди. У ерда мен учун бир-иккита вариантларни айтганди. Аниқроғи январь ойи бошларида агентим таклифлар борлигини айтиб қолди. Улардан биттасини, ўзимга маъқул келадиганини танладим. Бу ерга ҳам яхши жамоаларда тўп суриш учун келдим. Футболчи сифатида ўзимни кўрсатмоқчиман", - дейди Очилов.
Самандар янги клуби ҳақидаги дастлабки фикрлари билан ўртоқлашди ва у ердаги шароитлар ва кўникма борасида ҳам гапирди.
"Футбол муҳити шаклланган, худди Европаникига ўхшаб кетади. Раҳбарларни футболчиларга бўлган муносабати, шароитлари яхши. Оддий майда деталларигача эътибор қаратишаркан. Машғулотдан кейин ҳам футболчиларнинг ўз устида ишлашлари учун барча нарса бор. Жароҳатингиз бўлса, уни даволашда ҳам профессионал даражада эътибор қаратишади. Лекин албатта бу ердаги футбол савияси Ўзбекистонникидан пастроқ. Янги клубга мослашяпман. Фақат таомларига бироз қийналяпман. Келганимга ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Бироқ янги клубга киришиб кетишим яхши кетяпти. Анча профессионал жамоа экан".
Легионеримиз клуби билан нима учун 3 ойлик шартнома имзолаганига ҳам изоҳ бериб ўтди.
"Ҳиндистонга иккинчи давра арафасида келдим. 3 ойлик шартнома тузганман. Қанча юқорига кўтарилсак шунча яхши. Чемпионатда ўз ўрнини сақлаб, кейин чемпионлик учун мақсад қўймоқчи. 3 ойлик шартномани ўзим хоҳладим. Чунки менга яна бошқа жойдан таклиф бор. У ерга улгуриб боришим учун ҳозирги жамоа билан келишиб 3 ойлик шартнома имзоладик. Бошқа жойдан ҳам аниқ вариант борлиги учун чемпионат тугагач, ўша ерга бормоқчиман. Ҳозирги “Кенкре” менга ярим йиллик шартнома таклиф қилди. Лекин буни рад этдим, фақат чемпионат тугагунга қадар келишувга эришдик.
Ҳиндистонда маошлар ҳам юқорироқ бўлгани учун келдим. Менга таклиф билан чиқишиб, ўйнайсанми дейишганида ўзимни кўрсатмоқчи эканлигимни айтдим. Ҳозирдан бошқа аниқ таклиф бўлаётган клубга ҳам борсам бўларди. Аммо аввал бу ерга келиб ўзимни яхши томонлама кўрсатиб, кейин бошқа режаларни амалга оширмоқчиман".
Очилов учун яратилган шароитлар қандай? Бош мураббий билан суҳбат қанақа ўтди? Футболчи шундай деди:
"Клубда ҳамма 5 юлдузли меҳмонхонада истиқомат қилади. Менга ҳам ўша ердан хона ажратишган. Келган куним бош мураббий билан гаплашдим. У маҳаллий мутахассис. Жамоада ўзининг қўллаётган тактикаларини тушунтирди. Кўпроқ шу масалада суҳбатлашдик. Клубда ўзимни эркин ҳис қилишимни ва жамоага тезроқ қўшилиб кетишимни сўради. Бу ерда битта непаллик ярим ҳимоячи ва сенегаллик ҳужумчи бор. Мендан ташқари яна бир ўйинчи келиши кутиляпти. Ҳиндистонда жамоам I лигасида қатнашади. Молиявий томондан анча яхши, ривожланиш ҳам бор. Бошқа юртлардан келган савияли легионерлар ўйнашади.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар