Легионеримиз Европада ўйнашга тайёр, лекин...Кореяда фаолият олиб бораётган Алибоев ҳақида
Айни пайтда Жанубий Корея чемпионатида бир қатор ҳамюртларимиз фаолият олиб боряпти. Уларнинг орасида эса Икром Алибоев ажралиб турибди, десак муболаға бўлмаса керак. У чемпионатдаги етакчи жамоалардан бири – “Сеул” шарафини муносиб ҳимоя қилиш билан бирга, жамоасининг асосий таркибидан муқим жой эгаллаб келмоқда. Шу билан бирга миллий терма жамоамизда ҳам Алибоевга катта умид билан қаралмоқда.
Ҳамма вақт бошқа легионерларимиз қатори Алибоевни ҳам у ердаги фаолиятини диққат билан кузатиб келамиз. Барибир легионер сифатида четда тўп суришнинг гашти бошқача бўлади. Қизиқ, ўтган вақт давомида Ўзбекистондаги Алибоев билан Жанубий Кореядаги Алибоев ўртасида қанчалик фарқ бор? Бу ҳақида фикр билдирар экан, Икром шундай деди:
- Унчалик катта фарқ бор, деб айта олмайман, лекин жисмонан анча ўзгардим, бу дегани кўринишим эмас, балки югуриш томонидан назарда тутяпман. Чунки бу ерда кўпроқ югуряпман. Негаки, Жанубий Корея футболида Ўзбекистон футболига қараганда кўпрок югуриш керак!
У 2018 йилдан бери Кореяда фаолият олиб боряпти. Қувонарлиси шундаки, охирги пайтларда у ерда ўйнаётган ҳамюртларимиз кўпаймоқда. Бунда эса Алибоевнинг кўрсатаётган ўйинлари ҳам корейсларга ижобий таъсир кўрсатгани аниқ, чунки улар Икром орқали яна бошқа ўзбек футболчиларига қизиқиш билдиришмоқда. Кўриниб турибдки, ҳамюртимиз ўзини кўрсатган ҳолда бошқа ўзбекистонлик футболчиларга ўзига хос эшик очмоқда. Хўш, корейслар Алибоевдан яна бошқа ҳамюртларимиз ҳақида ҳам сўраб туришадими? Бунга қуйида жавоб топишингиз мумкин.
- Бу борада шуни айтишим керакки, нафақат мен, балки Рустам Ашурматов ҳам жуда яхши мавсум ўтказди. Корейсларга ўйинимиз маъқул келган шекилли, бу мавсумда ўзбекистонлик футболчилар 4 нафарга кўпайди. Кореяда ўзбеклар янада кўпайса, бундан фақат футболимиз ютади. Зеро, жаҳон чемпионатига чиқиш йўлидаги асосий рақибимиз футболидан хабардор бўлиш - бу жуда қўл келади, келажакда. Жамоадошларим бошқа футболчиларимизни ҳам сўраб туради, албатта. Тўғриси, улар учун ўзбекистонликларнинг ўйинини кузатиш қизиқарли.
Албатта, Икром Алибоевнинг кейинги тақдири қандай кечиши ҳам мухлисларимизни қизиқтирмасдан қолмайди. Унинг клуби билан тузган шартномаси 2021 йилда тугайди. Ҳамюртимиз “Сеул” билан ҳамкорликни яна давом эттираверадими ёки кейинги режалари бошқами? Алибоев эса бу масалада ҳозирча бирор нима дея олмаслигини айтди.
- Рости, ҳозирча бу ҳақида ҳеч нарса дея олмайман. Буни ҳаёт дейишади. Шу боис ҳамма нарса ўзгариб кетиши ҳам мумкин. Шу сабабли ҳам аввалдан ҳеч нарса деб бўлмайди, - дея жавоб қайтарди, Икром.
Шунингдек, ушбу легионеримиз ўз вақтида Жанубий Кореяга келган чоғида бу Европага олиб борувчи йўл, дея таъриф берганди. Ўтган вақт давомида футболчимиз ўзини Европа чемпионатларида тўп суришга тайёрман, деб ҳисоблай оладими? Ўйлаймизки, унинг бу борада билдирадиган фикрлари ўқувчилар учун қизиқарли туюлса керак.
- Ўзини ҳурмат қилган футболчи борки, ҳар доим юқори марраларни кўзлайди. Шулар қатори мен ҳам ўша орзуим ишқидан “ёниб” меҳнат қилмоқдаман. Имконият бўлса, бемалол Европада ўйнаб кетишга кўзим етади, лекин ҳозирча қизиқишлар йўқ, афсус...
Умуман олганда, нима учун Европанинг кучли чемпионатларида ўзбекистонлик футболчилар йўқ? Россия ё Осиёнинг кучли чемпионатларида легионерларимиз бор-у, аммо у ёғига ўта олишмаяпти. Ўйлаймизки, бу ҳам аслида ўйлантирадиган муаммолардан биридир. Икром Алибоев эса бу ҳақида шундай деди:
- Бу терма жамоага ҳам боғлиқ. Европа кучли бешлик чемпионатлари, айниқса, АПЛда футболчининг терма жамоаси кучли 50 таликда бўлса кейин қизиқиб кўраркан, ўша ўйинчига. Шунинг учун аввало терма жамоамизни юқорига кўтариб, жаҳон чемпионатида ўйнасак, Европанинг кучли чемпионатларида ўзбеклар ҳам кўпайиб қолишарди деб ўйлайман.
Алибоев легионер сифатида тажрибасини янада ошириб келмоқда. Натижада бугунги кунга келиб у миллий терма жамоамизда ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда. Ҳаммага яхши аёнки, бош жамоамизнинг асосий мақсади жаҳон чемпионатига чиқиш. Ўзаро мулоқот жараёнида айнан миллий терма жамоамиз ҳақида ҳам гап борди ва азалий орзуга эришиш учун ҳар жиҳатдан тайёрмиз, деб айта оладими?
- Ўзбекистан ҳар доим Осиёда кучли 5 таликдан жой олиб келади. Лекин ҳар сафар охирги босқичда нимадир етишмай қолади. Бу сафар Худо хоҳласа, боримизни бериб ўйнаб, ўша етишмай қолган жойни ҳам тўлдириб жаҳон чемпионатига чиқиш энг олий мақсадимиз, - дея муносабат билдирди, Алибоев.
Икром ҳам Суперлигамизни кузатиб келаётгани шубҳасиз. Айниқса, легионер мақомидаги футболчиларимиз учун ўзимиздаги миллий биринчиликни таққослаш имконияти ошади. Шу боис четдан қараганда, чемпионатимиздаги муаммолар ҳам кўриниши табиий.
- Ҳозир Суперлигамиз анча ижобий томонга ўзгарган, айниқса майдон ҳолатларининг сифати яхши бўлмоқда. Бундан ташқари, трансляция сифати ҳам яхши томонга ўзгармоқда, барча ўйинлар тв орқали кўрсатилмоқда. Ҳакамлик иши ҳам холисона бўлмоқда. Тўғри, бу муаммолар йўқ, дегани эмас. Албатта ўзига яраша камчиликларимиз ҳам бор. Бироқ шу йўсинда давом этилса Суперлигамиз йилдан-йилга кучайиб боради.
Фикрлар