Легионеримиз гол урган ўйинда жамоаси йирик ҳисобда ғалаба қозонди

Қозоғистон Премьер-лигаси жамоалари 8-тур учрашувларини ўтказмоқда. Дастлабки тўртта учрашувдан иккитасида ўзбекистонлик футболчилар тўп тепаётган жамоалар навбатдаги баҳсларини ўтказди.

Игорь Сергеевнинг жамоаси “Тобол” ўз майдонида “Қайрат”ни қабул қилиб, аламли мағлубиятга учради. Рақиб футболчилари сўнгги дақиқада мезбонлар дарвозасини ишғол қилиб, 3:2 ҳисобида ғалабага эришди.

“Тобол” бош мураббийи Милич Чурчич муҳим учрашувда тажрибали ҳужумчимиз Игорь Сергеев хизматидан фойдаланмади. Қизиғи шундаки, ўтган турда Игорь Сергеев захирадан майдонга тушиб, “Актобе” дарвозасини икки маротаба ишғол қилган ва жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолган эди.

photo_189036

30 ёшли ҳужумчимиз жорий мавсумда етти маротаба майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини тўрт бора ишғол қилган ва жамоасининг энг яхши ҳужумчиси ҳисобланади. Бироқ, “Тобол”  мураббийлар штаби барча ўйинларда асосий форвард сифатида Кот-д’Ивуардан олиб келинган Серж Деблени бошланғич таркибда майдонга туширмоқда. Африкалик ҳужумчи кўпроқ имконият берилаётганига қарамай, ҳозирча учта тўп киритган холос.

Икки легионеримиз – Шаҳбоз Умаров ва Бобур Абдухолиқов ўйнаётган “Ордабаси” жамоаси бу гал мухлисларини йирик ҳисобдаги ғалаба билан хушнуд қилди.

Чимкент жамоасини бошқараётган беларуслик бош мураббий Александр Седнев Қозоғистон Премьер-лигасига Беларусь олий лигасидан олиб келинган ҳар икки ўзбекистонлик футболчига катта ишонч билдирмоқда.

Бобур ва Шаҳбоз Қизилўрданинг “Қайсар” жамоасига қарши ўтказилган баҳсни бошланғич таркибда бошлади.

Катта устунликка эга бўлган мезбонлар рақиб дарвозасини жавобсиз тўрт маротаба ишғол қилди. “Ордабаси”нинг иккинчи голига Бобур Абдухолиқов муаллифлик қилди. Дарвозабон билан бирга бир вазиятни тўпни унинг оёқлари ўртасидан ўтказиб, дарвоза тўрига жойлаган легионеримиз амалда ўйин тақдирини ҳал қилиб қўйди. Қолган дақиқаларда чимкентликлар меҳмонларни яна икки бор хафа қилди – 4:0.

Навбатдаги уч баллдан кейин умумий тўплаган очколарини 17 тага етказиб олган “Ордабаси” мусобақа жадвалида учинчи ўринга кўтарилиб олди.

Бобур Абдухолиқов Қозоғистон чемпионатидаги голлари сонини тўрттага етказиб олди ва тўпурарлар пойгасига қўшилди. Ўтган йили Беларусь чемпионатининг энг зўр тўпурари, энг яхши ва энг фойдали ўйинчиси бўлган Абдухолиқов Қозоғистонда ҳам гол уриш қобилиятини намойиш қилаётгани қувонарли.

25 ёшли ҳужумчимиз жорий мавсумда “Каспий”, “Жетису”, “Тобол” ва “Қайсар” дарвозасиларини ишғол қилди. Ҳамюртимиз гол урган барча ўйинларда “Ордабаси” ғалабани нишонлаган.

6432eeed58f65

Бу жамоадаги иккинчи вакилимиз Шаҳбоз Умаров ҳам саккизта учрашувдан иккитасида – “Шахтёр” ва “Жетису” жамоалари посбонларини ожиз қолдириб, ўз ҳисобига бир жуфт гол ёздириб қўйган.

Шомуродовнинг даври келди...

Шомуродов ҳаммасини ўзгартириб юбориши керак эди...

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!