Легионеримиз илк ўйиндаёқ гол урди ва энг яхши футболчига айланди. Гап ким ҳақида кетмоқда?

Яқинда ҳамюртимиз Мирзоҳид Маматхонов Мальдив чемпионатига йўл олгани ҳақида хабар бергандик. Бу ҳали ҳаммаси эмас экан. У ердаги легионерларимиз сони яна ортгани маълум бўлди.

Ёдингизда бўлса, бир неча кун аввал Суперлигага йўл олган “Турон” жамоасини иқтидорли ҳужумчи Отабек Ҳайдаров тарк этгани ва унинг Мальдив оролларига йўл олиши ҳақида хабар бергандик. Бу эса ўз тасдиғини топди. Ўз вақтида “Қўқон-1912”да ҳам тўп сурган ҳужумчи фаолиятини бошқа жойда давом эттиришга қарор қилди.

Sports.uz мухбири Ҳайдаров билан алоқага чиқди. Футболчи ҳам воқеликка ўзининг фикр ва мулоҳазаларини билдирди. Аввало айтиш керакки, Отабек Ҳайдаровда яна Суперлигада тўп суриш имконияти мавжуд эди. “Турон” клуби шарафини ҳимоя қилиб келаётганини ҳисобга олсак, бу ҳақиқатга тўғри келарди. Ҳайдаров у ердан нима учун кетганини шундай изоҳлади:

-  “Турон” жамоасини Суперлигага чиққани билан табриклайман. Бу клубни тарк этишимнинг сабабига келсак, у ерда кўп омадсизликка учрадим. Ўзим хоҳлаган ўйинни кўрсата олмадим. Шунинг учун таваккал қилиб бу ерга келдим. Фаолиятимни Мальдив чемпионатида ўтказишни хоҳладим. Асосий эътиборимни шу ерга қаратганман. Адашмасам, 15 ноябрь куни менга шартнома жўнатишди. Натижада унга қўл қўйдим. Шундан кейин “Турон” билан чемпионлик ҳақида ўйладим.”Нефтчи”га қарши охирги учрашувда майдонга тушмаганимнинг сабаби эса Мальдивда охирги регистрация куни 30 ноябрда тугатилар экан. “Нефтчи” билан ўйин бўлса 1 декабрга сурилганди. Шу сабабли ўша баҳсда иштирок эта олмадим.

Отабек Ҳайдаров3

Мальдив ороллари деганда барибир хаёлимизга биринчи навбатда саёҳат маскани келади. Шунга қарамай, у ерда ҳам футбол бор. Кўриб турганингиздек, ўзбекистонлик ўйинчилар ўз омадларини ўша томонлардан ҳам излаб кўришга уринмоқдалар. Лекин бир нарса аниқки, маҳаллий чемпионатнинг мавқеи суст эканлиги бор гап. Буни Отабек ҳам тасдиқлаб, шундай деди:

-  Тўғри, сиз айтганингиздек, бу ердаги чемпионат анча пастроқ. Лекин боя айтдим, ўзимда шу ерга келиб тўп суришга хоҳиш пайдо бўлди. Агент менга ёзиб қолди, шундай жойдан вариант бор, борасизми, деб сўради. Шунда мен ортиқча ўйлаб ўтирмасдан таваккал қилиб келдим.

Отабек Ҳайдаров

Нима бўлса ҳам Ҳайдаровнинг Мальдивдаги фаолияти бошланди. Қизиғи, ундан ташқари яна бошқа ҳамюртларимиз ҳам борлигини у айтиб ўтди. Дарвоқе, янги жамоаси ҳисобланган “Да Гранде” мавсумни ғалаба билан бошлади. Отабек Ҳайдаров эса ўйиннинг энг яхши футболчиси бўлди. Бунга унинг гол ургани ва голга ассистентлик қилгани сабаб бўлди.

Отабек Ҳайдаров4

-  “Да Гранде” клуби билан бир йиллик шартнома имзоладим. Гапнинг очиғи, Мальдивда футболга эътибор юқори экан. Лекин савия борасида ҳали анчагина пастроқ эканлигини ҳам тан олишимиз керак. Бу ерга уч нафар ўзбекистонлик футболчилар келдик. Мендан ташқари Аҳрор Умаржонов билан Абдурасул Комилов ҳам бор. Барчамиз бир жамоа шарафини ҳимоя қиляпмиз. Бу ерда бизни чиройли кутиб олишди. Худди улар билан олдиндан бирга тўп сураётгандекмиз. Жамоадаги бошқа ўйинчилар билан тезда киришиб кетдик. Шу жиҳатларига қойил қолдим. Ҳозирча ҳаммаси ўзимга ёқди. Охиригача шундай бўлсин. Яхши ниятлар билан Мальдив чемпионатини ҳам бошлаб олдик. Биринчи учрашувда 3:0 ҳисобида ғалаба қозондик. Илк ўйинданоқ битта гол урдим ва битта голга ассистентлик вазифасини бажардим. Бу ерга кўпроқ голлар уриш учун келганимни айтмоқчиман. Ушбу йилдан чемпионат анча кучайган деб айтишяпти. Бу ерга Япония, Испания ва яна бошқа мамлакатлардан келган легионерлар жалб қилинган, - дея фикр билдирди Отабек Ҳайдаров.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!