Легионеримиз: "Клуб томонидан менга янги шартнома беришмоқчи"
Индонезиянинг биринчи дивизион вакили – “Песекат” сафида ҳамюртимиз Миркомил Локаев тўп суриб келмоқда. У ерда футболчимиз ўзини яхши томонлама кўрсатиб келяпти. Мавсум эса деярли тугаб қолди. Куни кеча легионеримиз Sports.uz учун интервью берди.
- Индонезиядаги фаолиятингиздан қанчалик қониқяпсиз?
- Мен Индонезия футболига жуда тез мослашиб кетдим. Мен учун мавсум яхши ўтди. Лекин клуб олдига қўйилган мақсадга эриша олмадик.
- Бу мақсад юқори лигага чиқишмиди? Бунга нима сабаб бўлди?
- Ҳа, мақсадимиз юқори лигага чиқиш эди. Бунга эриша олмаганимизга сабаб балки бошқа шаҳардаги стадионда ўйнаганимиз ҳам таъсир қилди, деб ўйлайман. Чунки у ердаги стадион чими яхши эмасди. Жамоамиз стадиони ҳозир таъмирланяпти. Чимини алмаштиришди. Мухлислар ҳам футболда катта аҳамиятга эга.
- Миркомил, жамоа билан тузган шартномангиз тугаяпти, шундайми? Клубда қоласизми ёки кетмоқчимисиз?
- Ҳа, мени клуб билан шартномам февраль ойида тугайди. Ҳозир бизда 1 тур қолди. Клуб томонидан менга янги шартнома беришмоқчи. Мавсум тугаганидан сўнг оилам билан маслаҳатлашаман.
- Сир бўлмаса, олдингизда аниқ таклифлар борми?
- Ҳозир асосий эътиборни мавсумни яхши тугатиб олишга қаратганман. Ҳозирча менда аниқ таклиф йўқ. Таклиф бўлса, менга агентим хабар қилади.
- Индонезияда қолиш ҳақида ўйлаяпсизми ёки муҳитни ўзгартириш ниятингиз борми?
- Менга қолса, яна Индонезияда қоламан. Бироқ оилам билан маслаҳатлашаман, кейин бир қарорга келаман. Чунки Индонезияда шароитлар жуда яхши. Мамлакатда футболни яхши кўришади.
- Бу ерда сиз кўника олмаётан жиҳатлари ҳам борми?
- Бу ернинг овқатларига кўникишга қийналяпман. Барибир ўзбек таомларига етадигани йўқ.
- Сиз ўйнаётган чемпионатни про лигамиз билан таққослаганда қандай устунлик ё камчиликлари бор?
- Индонезияда асосан жисмоний жиҳатларга қаратилади. Аммо бу ерда очиқ футбол ўйнашади. Устунлигига келсак, шароитлар томонлама устун.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар