Легионеримиз нега Европа Лигасидан четда қолди? Унинг маоши кесилишига нима сабаб бўлди?
Озарбайжоннинг “Кешла” клубида фаолият олиб бораётган Шоҳруҳ Гадоевнинг у ердаги фаолияти қандай кечаётгани хусусида охирги пайтларда маълумотлар чиқмаётганди. Шу сабабли Sports.uz мухбири ушбу легионеримиз билан боғланди.
“Шифокорлар назоратидаман”
- Ўзингиз ҳам яхши билсангиз керак, пандемиядан кейин мамлакатлардаги чемпионатлар аста-секин бошланяпти, - деб гап бошлади Гадоев. - Шу қаторда Озарбайжонда ҳам футбол чемпионатига старт берилди. 21 август куни биринчи тур ўйинлари ўтказилган. Ўшанда мен ҳам жамоамнинг асосий таркибида майдонга тушгандим. Аммо 75-дақиқада тиззамдан қаттиқ жароҳат олиб, майдонни тарк этдим. Шу сабабли таркибдан четга чиқиб қолдим ва бунга ҳам бир ойдан ошиб қолди. Ҳали умумий гуруҳга қўшилганим йўқ. Шунинг учун ўйинларда иштирок эта олмаяпман. Ҳозирча шифокорларнинг назоратидаман.
“Бир ҳафталарда майдонга қайтсам керак”
- Жамоамиздаги шифокорлар ҳам менга жиддий эътибор қаратяпти. Клубда ҳамма тезроқ соғайиб сафга қайтишимни кутиб турибди. Шу жумладан, мураббийларимиз ҳам тезроқ соғайишимни истамоқда. Менимча, бир ҳафталарда майдонга қайтсам керак. Жамоамиз эртага тур ўйинини ўтказгач, машғулотларга қўшиламан.
“Европа Лигасида тўп суришга иштиёқим баланд эди”
- Тўғри, Европа Лигасида ўйнашни жуда истагандим. Лекин бундай юқори даражадаги мусобақада иштирок этиш насиб қилмаган экан. Жароҳат эса спортнинг бир қисми. Жамоамнинг Европа Лигасидаги учрашувини томоша қилдим. Бу каби катта мусобақаларда кучсиз жамоанинг ўзи бўлмайди. Рақибимиз жиддий эди. Лекин “Кешла” ҳам ўша ўйинга жиддий тайёргарлик кўрганди. Омад туфайлигина рақиб пенальтилар сериясида ютиб кетди. Албатта, мени ҳам ўша ўйинда тўп суриш хоҳишим баланд эди. Аммо менга бундай имконият насиб қилмади. Майли, энди ички чемпионатда яхшироқ қатнашиб, келаси йили Европа лигасида ўйнамоқчиман. Ўйлайманки, футболчиларнинг Европа Лигасида ўйнаш иштиёқи кучли бўлади. У ерда эса юқори савиядаги клублар қатнашишади. Бу эса ҳар бир футболчига катта тажриба мактаби бўлиб хизмат қилади.
“Озарбайжон клубларида камида тўрттадан легионер бор”
- Озарбайжонга қишда келгандим. Шундан бери адашмасам, “Кешла” сафида 9 та учрашувда майдонга тушдим. Кейин эса ҳамма жойда бўлгани каби бизда ҳам карантин жорий этилди. Ҳисобим бўйича учта жамоага қарши ўйинда ўйнаганим йўқ. Кейин эса ўзингизга маълумки, жароҳат олдим. Тўғри, Озарбайжон чемпионатида жамоалар кам, чунки у ерда 8 та иштирокчи қатнашади. Шунга қарамай, рақобат кучли. Ҳеч ким шунчаки ютқазишни хоҳламайди. Кўрсангиз, ҳар бир учрашувда охиригача курашишади. Албатта, улардан ўрнак оладиган тарафлари бор. Масалан, “Карабах”, “Нефтчи” каби етакчилари Европа Лигасида иштирок этади. Таркибларида кучли легионерлари бор. Умуман айтганда, Озарбайжон чемпионатидаги барча клубларида камида тўрттадан хорижлик футболчи бор.
“Клубим билан ҳали шартномам бор, ниманидир режалаштирмаяпман”
- Маҳаллий чемпионатга мослашиб кетганман. Жамоанинг ички муҳити ва Озарбайжон ҳаётига кўникишим қийин кечмади. Ҳали кейинги тақдирим тўғрисида ўйлаганим йўқ. Чунки менинг клубим билан ҳали шартномам бор. Эртага нима бўлишини билмаймиз. Шу боис ниманидир режалаштираётганим йўқ. Қолганини вақт кўрсатади. Ўзимни ноқулай ҳис қилаётганим йўқ. Менга бўлган эътибор ҳам яхши, оилам ҳам шу ерда.
“Учта турдан бери ғалаба қозона олмаяпмиз, жамоамга ёрдамим зарур”
- Ҳар қаерда легионерларга талаб катта бўлади. Шунга яраша улардан кўп нарсани кутишади. Тушунаман, легионермисиз, у ҳолда маҳаллий ўйинчилардан кучли бўлишингиз лозим. Акс ҳолда мураббийлар ўзининг маҳаллий футболчиларини қўйишни бошлашади. Ҳаммаси футболчининг ўзига боғлиқ. Легионер бўлиб янада ўсиш мумкин ёки аксинча. Клубимдагилар эса менинг тезроқ соғайиб сафга қайтишимни кутишяпти. Мен ҳам иложи борича тезроқ жамоамга ёрдам бермоқчиман. Устига-устак жамоам учта турдан бери ғалаба қозона олмаяпти. Менинг ёрдамим “Кешла”га жуда зарур эканлигини яхши тушуниб турибман.
“Ойлик маошимни кесишларига рози бўлдим, чунки...”
- Бутун дунёда карантин бўлганидан кейин кўплаб клубларда маошлар борасида саволлар келиб чиқди. Ўша пайтда ҳам бизга бир-икки ой маошларимизни вақтида беришди. Кейин эса клуб раҳбарияти инқироз пайтида футболчилардан илтимос қилган ҳолда ойлик маошларни 10-20 фоизга қисқартириш ҳақида сўрашди. Албатта, улар бундай қарорга ўз-ўзидан келмади. Бу борада раҳбарият биз ўйинчилар билан маслаҳатлашишди. Натижада футболчиларнинг ойлик маошларидан ушлаб қолишди. Шуларнинг қаторида менинг ҳам ойлик маошимни кесишди. Аммо бу борадаги муносабатим яхши. Боя айтганимдек, клубдагилар вазиятни тушунтиришди ва илтимос қилишди. Шу сабабли розилик билдирдик.
Фикрлар