Легионеримизни “ўзбек Месси”си деб атай бошлашди
Бугун хорижда ўйнаётган ўзбекистонлик легионерлар орасида Элдор Шомуродовнинг машҳурлиги ортиб бораётган бўлса-да, Россия премьер-лигасига эндигина кўчиб ўтган Остон Ўрунов ҳам мухлислар меҳри ва ҳурматини, мутахассислар эътибори ва эътирофини қозона бошлади.
Премьер-лига рестартидаги илк учрашувини ўз майдонида “Тамбов” футболчиларига қарши ўтказган “Уфа” жамоаси 2:1 ҳисобида зафар қучди. Еврокубокларга йўлланма олиш мақсадида ўзгача иштиёқ билан ҳаракат қилаётган уфаликлар учун бу муҳим ғалабада ўзбекистонлик Остон Ўруновнинг хизмати катта бўлди.
Россия ва жаҳон футболини ёритишга ихтисослашган “Футбол на куличках” портали учрашувга бағишланган шарҳида ҳамюртимизнинг ўйинига юқори баҳо берди.
- “Уфа” учрашувнинг бошидан ўйинга ҳозирлаб қўйган креатив ғояларини Ўрунов орқали амалга оширишга киришди. Ўзбекистонлик ёш футболчи марказдан ҳужумга ўтиб, жамоадошларига аниқ паслар узатди, чиройли дриблинг ва кучли зарбалари билан учрашувни безади. Остоннинг ўзи ҳам рақиб дарвозасини ишғол қилиш учун яхши қулай вазиятлар яратиб, турли масофадан зарба берди. Аксарият вазиятлар дарвозабон ўзини кўрсатди. Бутун учрашув давомида Остон ҳужум ташкил қилувчи кучли марказ вазифасини маҳорат билан уддалади, - деб ёзади “Футбол на куличках” портали.
Ушбу портал жамоасининг ғалабасига катта ҳисса қўшган Остон Ўруновни “Уфа” ва “Тамбов” учрашувининг энг яхши футболчиси, деб эътироф этди.
Sports.ru сайти блоггери Иван Уральский мазкур учрашувни стадиондан кузатди. Таниқли ижодкор ўйинга бағишланган блогида Остон Ўруновга қисқа, лўнда лекин антиқа таъриф берди: “Остон Ўрунов зўр таассурот қолдирди. “Ўзбек Месси”си. “Уфа” скаутларининг ҳақиқий топилмаси”.
“Уфа” бош мураббийи Вадим Евсеев ҳам Ўзбекистон терма жамоаси ўйинчисининг ғалабага қўшган ҳиссасини алоҳида эътироф этди.
- Футболда кичкина деталлар ҳам кўп нарсани ҳал қилади. Масалан, биз рақибнинг тажрибали футболчиси Адесойе Ойеволега қарши Остон Ўруновни ўйнатдик. Чунки Остон тезкор ва ҳаракатчан. Унинг бу сифатлари ўйинда иш берди. У рақибини ожиз қолдирди, ундан ўзиб кетди, ўткир ва кескин вазиятлар яратди, - деди “Уфа” бош мураббийи.
Жорий йилнинг февраль ойида “Уфа” таркибига қўшилган Остон Ўрунов янги жамоаси сафида эндигина тўртта учрашувда майдонга тушганига қарамай, ўз салоҳияти ва маҳоратини намойиш эта олди.
Sports.uz портали Остон Ўруновнинг ўйинларини кузатишда давом этади.
Ана холос! Остон Ўрунов жамоасидан ҳам коронавирус чиқди(ми)?
УЕФА минтақасида порлаган ўзбек легионерлари
Фикрлар