Легионеримизнинг голи рекорд ўрнатди, медални нақд қилди ва чемпионлик имкониятини сақлаб қолди!

Беларусь чемпионатининг жорий мавсумдаги чемпиони сўнгги турда аниқланадиган бўлди. Бу номга даъвогар икки жамоа қолди. Бири амалдаги чемпион “Шахтёр-Солигорск”, иккинчиси Бобур Абухолиқов етакчилигидаги “Энергетик-БГУ” жамоасидир.

29-турда “Шахтёр-Солигорск” футболчилари “Слуцк” жамоаси майдонидан кичик ҳисобдаги ғалаба билан қайтди. Агар “Энергетик-БГУ” анча жиддий рақиб – “Гомель” майдонидаги баҳсда очко йўқотса, солигорскликлар муддатидан олдин чемпионликни нишонларди. Лекин бунга Бобур Абдухолиқов йўл қўймади.

bye580edd8572

Гап шундаки, учрашувнинг биринчи бўлими 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунланди. Иккинчи бўлим ўрталарида катта саҳнага Бобур Абдухолиқов чиқди. Легионеримиз жамоадоши узатган тўпни рақиб жарима майдончасига олиб кирди, ҳимоячиларни ожиз қолдириб, кучли зарба билан мезбонлар дарвозасини ишғол қилди.

“Энергетик-БГУ” 2:1 ҳисобидаги ғалабани нишонлаш баробарида чемпионатнинг кумуш медалини нақд қилди. Минсклик “талабалар” сўнгги тур олдидан “Шахтёр-Солигорск”дан икки очкога ортда қолмоқда. “Энергетик-БГУ” чемпиона бўлиши учун охирги баҳсда ўзи ғалаба қозониб, амалдаги чемпионнинг мағлубиятини кутишига тўғри келади.

Аслини олганда эса, “Энергетик-БГУ” ўз тарихида илк бор совриндорлар қаторидан жой олмоқда. Бунда энг аввало, ўзбек легионерлари – Бобур Абдухолиқовнинг тўпурарлиги ва Абдулқодир Ҳусановнинг ҳимоядаги ишончли ўйини муҳим омил сифатида тилга олинмоқда.

“Насаф” тарбияланувчиси бўлган 25 ёшли ҳужумчимиз шахсий рекордларни ҳам қайд этаётгани алоҳида қувонч бағишламоқда.

Бобур Абдухолиқов бир мавсумда урган голлари сонини 26 тага етказди ва Беларусь чемпионатлари тарихида энг кўп тўп киритган хорижлик футболчига айланди. Ундан олдинги рекорд россиялик Давидовга тегишли бўлиб, 25 та голдан иборат эди.

Бундан ташқари Бобур Абдухолиқов Беларусь футболи тарихидаги энг зўр тўпурарлар рейтингида учинчи ўринга кўтарилиб олди. Биринчи ўринда турган Андрей Хлебосолов 1996 йилги чемпионатда “Белшина” таркибида рақиблар дарвозасини 34 маротаба ишғол қилган ва ҳали бу рекордни йўққа чиқарадиган тўпурар топилмаяпти.

Иккинчи ўринда жойлашган Роман Васюлий эса 2000 йилда “Славия” сафида жами 31 та тўп киритиб, номини тарихга муҳрлаган.

Юқорида айтилганидек, Бобур Абдухолиқов 26 та аниқ зарба билан кучли учликка кирди. Ҳамюртимизда ўз кўрсаткичини яхшилаб олиш учун яна битта учрашув бор.

20220911150939

Беларусь чемпионатининг сўнгги тури 12 ноябрга белгиланган. Шу куни “Шахтёр-Солигорск” ўз майдонида “Белшина” жамоасини қабул қилади. “Энергетик-БГУ” учинчи ўрин учун курашаётган “Динамо-Минск” футболчилари билан куч синашади.

Бронза медалга даъвогар яна бир клуб – БАТЭ олий лигада қолиш учун курашаётган “Арсенал-Дзержинск” жамоаси меҳмони бўлади.

Демак, Беларусь чемпионатининг барча ғолиб ва совриндорлари сўнгги турда маълум бўлади.

Моуриньо Абрахамдан Шомуродовнинг ишини такрорлашни талаб қилди!

Легионер ҳужумчимизнинг келажаги мавҳум бўлиб қолди!

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!