Легионеримизнинг хориждаги ҳаёти: мени маҳаллий ўйинчидек қабул қилишяпти, фаолиятимни Ўзбекистонда тугатишни истайман, лекин...
Тажрибали футболчиларимиздан бири Олег Зотеев ўтган йилдан бери фаолиятини Жанубий Корея чемпионатида давом эттирмоқда. У “Чоннам Драгонс” таркибида тўп сураётгани яхши биласиз. Зотеев яқинда жамоаси билан шартномасини бир йилга узайтирганди. Легионеримиз Кореядаги ҳаёти, клубидаги фаолияти ва яна бошқа мавзуларда гапирди.
“Бу йил мен учун осон кечяпти”
- “Чоннам Драгонс” билан яна бир йиллик шартномам бор, 31 декабрь куни битим ўз кучини йўқотади. Биласиз, ўтган йили жароҳат олиб, ҳамма ўйинда ҳам иштирок эта олмагандим. Бу ерга тўлиқ мослашиб олганман, мен учун барчаси аъло даражада. Клубдаги муҳит ҳам яхши, барча футболчилар билан яқин алоқа ўрната олганман. Мени жамоадагилар ҳатто маҳаллий ўйинчидек қабул қилишяпти. Шу сабабли, ўзимни легионер сифатида 50х50 ҳис қиляпман (кулади). Бу йил ўтган йилгидан кўра, мен учун осонроқ кечяпти. Йигитлар билан муносабат зўр, кўпинча биргаликда овқатланамиз.
“Ҳозирча мақсадимиз кучли тўртлик”
- Ўтган йилги таркибга қараганда, бу мавсумда жамоамизда 7-8 нафар футболчи қолган. Сафимизга кўплаб янги ўйинчилар келган. Клубни янги президент қабул қилиб олди. Бугунги пайтда мақсад сифатида кучли тўртликка кириш қўйилди. Лекин “Кей-1”дан жамоамизга икки-учта футболчи келмоқчи. Ана шунда менимча, дастлабки ўринлар учун курашамиз. Қолганини кўрамиз, ҳозирча тўртта турда учта дуранг ва битта ғалаба қозондик.
“Ҳамюртларимиз билан Сеулда ошга бориб турамиз”
- Рустам Ашурматов, Икром Алибоев ва Жамшид Искандеров бир неча мавсумдан бери Жанубий Корея чемпионатда тўп суряпти. Энди Ислом Кенжабоев ҳам қўшилди. Дам олиш кунларида улар билан Сеулда кўришиб, ошга борамиз. Улар билан илгари клубда ҳам, термада ҳам бирга ўйнаганмиз. Ҳамюртларимиз билан доим алоқадамиз, гаплашиб турамиз ва бир-биримизни қўллаб-қувватлаймиз.
“Ҳозирча аниқ режаларим йўқ”
- 100 фоизли режам бу йил ҳам, келаси йилга ҳам йўқ. Нимагаки, ҳаммаси Худодан. Фақат жароҳат олмасликни хоҳлайман. Ана шунда доимий ўйин амалиётига эга бўламан ва жамоамга ҳам етарлича ёрдам бера оламан. Кейинги йил қаерда тўп суришимни ўзим ҳам билмайман. Лекин фаолиятимни Ўзбекистонда тугатишни истайман. Аммо бу қачон содир бўлишини билмайман, ҳаммасини вақт кўрсатади.
“Бу ерда ҳаммаси ёқимли”
- Бу йил 32 ёшга тўламан. Шу ёшда Корея чемпионатида тўп суриш жуда қийин. Сервер Жепаров ҳам бу ерда ўйнаган, у ҳам қанақа темп, қандай рақобат мавжудлигини яхши билади. Жанубий Корея чемпионатида ўйнаш жуда қийин. Жароҳат бўлмаса, доим рақобатга тайёрман. Бу ерда ҳаммаси ёқимли.
“Алибоев тўғри қарор қабул қилди”
- Ҳа, Алибоев клубини алмаштирди. Билсангиз керак, у охирги етти ой ўйнамаган, сабаби жароҳати бор эди. Яқинда Германиядан қайтиб келди. “Сеул” билан гаплашиб шартномани бекор қилди ва “Кей-2” клубига ўтди. Унинг янги жамоасида “Кей-1”га чиқиш учун вазифаси бор. Менимча, Икром тўғри қарор қабул қилди. Жароҳатдан кейин тикланиб, ўйин амалиётига эга бўлиши керак. Бундай вазиятда “Сеул”да ўйнаб кетиши қийинроқ эди. Сабаби, боя айтганимдек, бир неча ой ўйнамади, у ерда рақобат ҳам кучли. Ростини айтсам, ёзда “Кей-1”дан “Кей-2”га ёзда ўйинчилар кўпроқ ўтади. Айниқса, ўйин амалиёти камроқ футболчилар клубини алмаштиради. Иккала чемпионатнинг савияси деярли бир хил. Ҳатто “Кей-2” лигасида терма жамоа футболчилари ҳам бор. Алибоевнинг қарори тўғри, у бу ерда яна ўзини кўрсатиб, “Кей-1”га қайтади.
“Жамоамдаги қариялардан бириман”
- Жамоадагилар билан бемалол гаплаша оламан, таржимон ҳам бор. Ҳамма билан муносабатим яхши. Клубдаги энг қари ўйинчи деярли ўзимман, ҳали айтганимдек, 32 га киряпман. Тўғри, дарвозабонларимиз каттароқ. Бири мен билан тенг, яна бири 34 га кирган. Қолганлари мендан кичкина. У ерда ўзидан катталарга жуда катта ҳурмат билан қарашади. Сизни овқатланишга таклиф қилишади ёки бошқа томондан эҳтиром кўрсатади. Бу жуда ёқимли. Клубда мен учун ҳаммаси яхши, мураббийлар ҳам менга ишоняпти. Бу йил жамоамизга иккита бразилиялик ва битта нигериялик легионерлар қўшилди. Улар ҳам яхши йигитлар экан.
Фикрлар