Левченко: Арабулининг жисмоний ҳолати ҳозир унчалик яхши эмас
Cоcа-Cоlа Суперлига 16-тури доирасида ўз уйида “Сўғдиёна” билан дуранг ўйнаган “Нефтчи” клуби бош мураббийи Виталий Левченко дуранг, рақиб жамоаларнинг “Нефтчи”га қарши мотивацияси, рақиб ҳимояси ва Арабулининг ҳолати ҳақидаги саволларга жавоб берди.
"Ҳозир рақиб жамоалар “Нефтчи”га қарши ўйинларга бошқача тайёрланишмоқда. Бу биз учун балки мотивация дейиш мумкин. Қайси жиҳатларга кўпроқ эътибор беришимиз кераклигини билиб олиш имкони бор. Ҳозир барча жамоалар бизга қарши шундай ўйнашларига кўникишимиз керак. Футболчилар ҳаракат қилишди, аммо барчаси улар ўйлагандек осон эмас. Ҳисоб 0:0 ва ўйлашимча ўйинга мос натижа бўлди.
Юқори даражада футбол ўйнаганингда барчасига тайёр бўлиш лозим. Ҳозир барча жамоалар очко учун курашмоқда. Ҳозир оддий ўйин йўқ. Қўлимизни қовуштирмай кейинги ўйинга тайёрланамиз.
Рақиб бугун яхши ҳимояланди. Рақиб ҳимоячилари босимдан чиқиб кетишни уддалашди. Биз эса бу ҳимояни ёриб ўтишда қийинчиликларга дуч келдик. Ҳозир ниманидир қаттиқ ўзгартиришни ўйламаяпмиз.
Арабулининг жисмоний ҳолати ҳозир унчалик кўнгилдагидек эмас. Ўзининг охирги ўйинидан кейин анча вақт футболдан ташқарида қолди. Шунинг учун унинг бу ерга мослашиш жараёни бироз қийин кечаяпти. Унинг иккинчи тайм аввалида алмаштирилиши шу билан боғлиқ. Унинг аввалги формасига қайтиши учун вақт керак”, деди Левченко.
Фикрлар