Қийин аҳволда қолган Гвардиола Ҳусановни тилга олди
Англия Премьер-лигасининг 21-турида мусобақа жадвалида иккинчи ўринда бораётган “Манчестер Сити” ўз мухлислари кўз ўнгида “Брайтон”ни қабул қилиб, янги йилдаги илк ғалабасини нишонлашга уриниб кўради.
Хосеп Гвардиола шогирдлари 2026 йилнинг дастлабки икки ўйинида “Сандерленд” ва “Челси” билан бўлган тўқнашувларда дуранг ўйнаб, жами тўрт очко йўқотди ва чемпионат пешқадами “Арсенал” билан ўртадаги фарқ олти очкогача йириклашди.
“Брайтон”га қарши учрашув олдидан Хосеп Гвардиола жамоасида кадрлар танқислиги масаласи юзага келган ва испаниялик мутахассис вазиятдан чиқиш йўллари бўйича ҳам бош қотиришига тўғри келади.
Жорий мавсумда “Брайтон” беқарор ўйнаяпти ва ҳозиргача 7 ғалаба, 7 дуранг, 6 мағлубият қайд этган. Бироқ улар кучли олтиликдан бўлган икки жамоани мағлуб этишга муваффақ бўлди. Фабиан Хюрцелер шогирдлари биринчи даврада бу галги рақиб “Манчестер Сити”ни ҳам, “Челси”ни ҳам таслим қилган.
Таркибдаги йўқотишлар
“Манчестер Сити”да юқорида айтилганидек, таркиб муаммоси бор. Умар Мармуш ва Райан Айт-Нури ҳали ҳам Марокашда ўтаётган Африка Миллатлари кубогида иштирок этмоқда. Улар ўйнаётган Миср ва Жазоир терма жамоалари плей-оффга чиққан, шу сабабли ҳар икки футболчи “Этиҳад”даги ўйинда қатнашмайди.
Савиньо, Жон Стоунз, Матео Ковачич ва Оскар Бобб ҳам жароҳатлари туфайли майдонга туша олмайди, уларнинг қайтиш муддати ҳали аниқ эмас.
Охирги учрашувда шикастланган Рубен Диаш сон орқа мушакларидаги муаммо сабаб олти ҳафтагача сафдан чиқди, Йошко Гвардиол эса, болдир суягини синдириб олган ва хорватиялик ҳимоячи учун мавсум тугагани айтилмоқда.
Бироқ Хосеп Гвардиоланинг сўзларига кўра, Нико Гонсалес ўзини яхши ҳис қилмоқда ва ушбу баҳсда иштирок этиши мумкин. Эҳтимол, испаниялик футболчи ҳамюрти Родри ўрнига илк дақиқалардан ўйнаши ёки захирадан ўйинга қўшилиши мумкин.
“Брайтон” сафида Адам Вебстер оғир жароҳати туфайли мавсумнинг қолган қисмини ўтказиб юборадиган бўлди. Ҳужумчилар Стефанос Цимас ва Янкуба Минтех ҳам жамоага ёрдам бера олмайди.
Ўзаро ўйинлар
Биринчи даврадаги сўнгги учрашувда “Брайтон” ўз майдонида 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган. Ўша баҳсда Эрлинг Холанднинг голига “Манчестер Сити”нинг собиқ футболчиси Жеймс Милнер ва Брайан Груда жавоб қайтарган эди.
“Манчестер Сити” бу рақибга қарши охирги уч ўйинда ғалаба қозона олмади – икки мағлубият ва бир дуранг. Охирги ғалаба 2024 йил апрелида қайд этилган, ўшанда Фил Фоденнинг дубли, Кевин Де Брюйне ҳамда Хулиан Альвареснинг голлари “шаҳарликлар”га 4:0 ҳисобида ғалаба келтирган эди.
Умумий ҳисобда бу икки жамоа ўзаро 35 марта тўқнаш келган: “Сити” 21 марта ғалаба қозонган, “Брайтон” эса саккиз марта. Ушбу ўйинларда манчестерликлар 76 та гол уриб, 37 та тўп ўтказиб юборган.
Хосеп Гвардиола ўйин ҳақида
Бизда асосий таркибга, яъни марказий ҳимояга Абдуқодир Ҳусанов ва Натан Аке қайтди. Макс Аллейн эса, “Уотфорд”дан ижарадан қайтарилди. Ёш футболчининг қайтишига кўнгани учун “Уотфорд”дан миннатдормиз.
Умар Мармуш ва Райан Айт-Нури Африка Миллатлари кубогида, Жон Стоунз ва Оскар Бобб жароҳат олган, Жереми Доку ва Родри эса узоқ даволанишдан кейин энди майдонга қайтди. Вазият шундай.
Хўш, уддалай оламизми? Албатта! Биздаги кайфият билан ҳар қандай қийинчиликни енгиш мумкин.
Чемпионат пешқадами “Арсенал” жуда кучли. Улар сўнгги икки-уч мавсумда янада кучайиб боряпти.
Мен мавсум олдидан ўтказилган тайёргарлик жараёни ва ҳозирги таркибимиздан жуда мамнунман… Йошко Гвардиол, Рубен Диаш ва Жон Стоунзга тезроқ соғайишларини тилаймиз, Африкадаги ўйинчилар ҳам тез орада қайтиб, бу мураккаб даврни ортда қолдирамиз. Мен ўзимга ишонаман ва оптимистман, биз бунга албатта эришамиз.
“Манчестер Сити” ва “Брайтон” жамоалари ўртасидаги учрашув 7 январдан 8 январга ўтар кечаси, Тошкент вақти билан соат 00:30 да бошланади.



Фикрлар