Lift промоутерлик компаниясидан яна бир янгилик ёхуд Гран-При қизиқарли тус олмоқда!

  • 25 ноябрь, 2022, 09:49
  • 0
  • Бокс

Хабарингиз бор, 2 декабрь куни Тошкент шаҳридаги "Хумо Арена" ажойиб профессионал бокс оқшомига мезбонлик қилади. Янада аниқроқ қилиб айтганда, юртимизда ташкил этилган, Lift промоутерлик компанияси ўзининг навбатдаги жанг кечасини ташкил этади. 

Барчага маълум, ушбу бокс оқшомининг марказий жангида Рио Олимпиадаси чемпиони Фазлиддин Ғоибназаров яна бир ҳамюртимиз Жамшид Каримовга қарши рингга кўтарилади.

Шунингдек, бир қатор қизиқарли қарама-қаршиликлар ҳам ўрин олган. Тўлиқ жуфтликларни тез орада маълум қиламиз. 

Аҳамиятли жиҳати, ушбу жанг кечасида 63,5 кг вазн тоифасидаги Гран-Прини ярим финал баҳслари бўлиб ўтади. Ўтган турнирда саралаш жанглари бўлиб ўтганди ва ярим финал баҳсига анчагина тенг кучли рақиблар етиб келган. 

Демак, Мужибулло Турсунов(1-0), Шоҳруҳ Кенжаев (1-0), Фаррух Арслонов (3-0), Нурим Дилшат (Қозоғистон, 5-0, 3 КО) ўртасидаги ярим финал жуфтликлари қуръа натижасида аниқланади.

Қизиқарли жиҳати, ушбу кечада яна бир янгиликка қўл урилди. Яъни, 72,5 кг вазнда ҳам ўзига хос турнир ташкил этилади. Айнан бу вазндаги Гран -Прида иштирок этадиган боксчилар хам маълум бўлиб улгурган:

Ислом Мўминов (3-0-1, 2 КО) , Анвар Туропов (8-1, 6 КО), Суҳроб Қаюмов (дебют), Нуртас Карассаев (Қозоғистон, 2-0,1 КО), Довуд Маҳкамов (Тожикистон, 0-1), Асилбек Ваҳобов (дебют), Жакипбек Уллу Жакинбек (Қирғизистон, дебют), Берекет Таиров (Қозоғистон, дебют). 

Бу вазндаги саралаш жанглари жуфтликлари ҳам қуръа йўли билан аниқланади. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, асосий карднинг тўлиқ қарама-қаршиликлари борасида ҳам тез орада маълумот берамиз.

Воқеалар ривожини бизда ва Lift промоутерлик компаниясининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида кузатиб боринг!

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!