“Ливерпуль” фанатлари жамоага янги мураббий танлаб берди
“Ливерпуль” футболчилари ўтган йилги чемпионлик унвонини муносиб ҳимоя қила олмаганидан ташқари Европа Чемпионлар лигасини ҳам эрта тарк этгани бош мураббий Арне Слотнинг келажагига қаттиқ зарба бўлди.
Энди деярли ҳеч ким клуб раҳбарияти Арне Слот билан хайрлашишига шубҳа қилмаяпти. Аммо унинг ўрнига ким келиши кўпчиликни қизиқтираётган ва ҳозирча мавҳум бўлиб турган масаладир.
Шу билан бирга, “Ливерпуль” мухлисларининг ўз фаворити бор. Улар форумлар ва ижтимоий тармоқларда энг кўп испаниялик мутахассис Андони Ираола номини тилга олмоқда.
Ираола бир неча мавсумдан бери “Борнмут”ни барқарор бошқармоқда ва жорий мавсум охирида ўз лавозимини топширишини маълум қилган.
Таъкидлаш жоизки, Ираолага Мадриднинг “Реал” клуби ҳам қизиқиш билдирмоқда. Жорий мавсумдаги муваффақиятсизликдан кейин “Қироллик клуби” ҳам янги бош мураббий қидиришни бошлаб юборди.

Фикрлар