“Ливерпуль” зўр трансферни осон уддалади
“Ливерпуль” мутсаддилари истеъдодли ҳужумкор футболчи Фабиу Карвальюни ўз сафига ўтишга кўндирди.
Айни пайтда “Фулхэм” шарафини ҳимоя қилаётган 19 ёшли ўйинчини Юрген Клопп январдаёқ ўз жамоасига қўшиб олмоқчи эди. “Фулхэм” уни 8,4 миллион фунтга қўйиб юборишга рози бўлганди. Бироқ, томонлар трансфер ойнаси ёпилгунича уни расмийлаштиришга улгармади.
The Guardian нашрининг ёзишича, Юрген Клопп ҳамон Карвальюни олишга қизиқмоқда ва клуб мутасаддиларидан Чемпионшип жамоасидан бу футболчини олиб беришни сўраган.
Фабиу мавсум охирида эркин агентга айлансада, “Фулхэм” футболчини тарбиялаган клуб сифатида 4,17 миллион фунт миқдорида маблағ олиши белгиланган.
Бундан ташқари, клублар ўртасидаги келишувга кўра, “Фулхэм” 2 миллион фунтдан кўпроқ бонус олади ва Фабиунинг кейинги трансферидан 20 фоиз миқдорида улуш олади.
Карвалью “Ливерпуль” сафига 1 июль куни қўшилади ва жамоа билан 2027 йилнинг ёзигача шартнома имзолайди. Ёш футболчи жорий мавсумда 31 та учрашувда еттита гол ва саккизта ассист муаллифи бўлди.
Фикрлар