"Ливерпул"га қарши баҳс олдидан ПСЖда жиддий йўқотишлар бор

ПСЖ клуби етакчиси Неймар УЕФА Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи навбатдаги турида "Ливерпул"га қарши баҳсни ўтказиб юборади. Бу ҳақда La Gazzetta dello Sport нашри хабар бермоқда.

Унга кўра Париж клуби мураббийлари терма жамоа сафида жароҳат олиб қайтган бразилиялик футболчининг соғлиги борасида таваккал қилишни исташмаяпти ва шу сабабли ушбу баҳсда уни майдонга туширишмоқчи эмас. Маълумотларга қараганда Неймар лазаретда камида 2 ҳафта қолиши кутилмоқда ва у яна бир нечта баҳсларда ҳам иштирок эта олмайди.

Бундан ташқари жамоанинг бошқа бир етакчи футболчиси Килиан Мбаппени ҳам “Ливерпул”га қарши муҳим ўйинда майдонга тушиши сўроқ остида қолмоқда. Эслатиб ўтиш лозимки, франциялик футболчи терма жамоа сафида елкасидан жароҳат олган эди.

Маълумот учун, ПСЖ - "Ливерпуль" учрашуви 28 ноябрь куни бўлиб ўтади. Ушбу баҳс парижликлар учун ҳаёт-мамот ўйни бўлади. Чунки, агар улар шу куни мерсисайдликларга мағлуб бўлишса ва “Наполи” “Црвеной Звезда” устидан зафар қучса, Томас Тухель шогирдлари муддатидан аввал плей-офф босқичига чиқишдан махрум бўлишади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!