"Локо" устози "Нефтчи"ни ютиш орқали ҳамкасбининг истеъфосини тезлаштирдими? Ёхуд Коростиченко Мўминжонов ҳақида нима деди?
Тошкентнинг “Локомотив” клуби учун ушбу тур ҳам муваффақиятли чиқди. Сафарда “Нефтчи” билан беллашуда “темирйўлчилар” ягона гол эвазига қимматли уч очкони нақд қилиб олишди.
Ундан олдин эса ўз майдонида “Сурхон”ни 2:0 ҳисобида мағлубиятга учрата олганди. Демак, аста-секин “Локо”нинг натижалари яхшиланиб боряпти ва ўйин услуби ҳам мураббийлар истагандек кўриниш олмоқда. Бунда табиийки, жамоа бош мураббийи Денис Коростиченконинг хизмати катта.
Унинг клуби бу мавсумда илк бор кетма-кет иккинчи ғалабани расмийлаштириб қўя олди. Шу сабабли “Нефтчи”га қарши баҳсдан кейин Sports.uz мухбири Коростиченкога айрим саволлар билан мурожаат қилди.
- Денис Владимирович, “Локомотив”ни сафарда қўлга киритган муҳим ғалабаси билан табриклайман. Айтинг-чи, “Нефтчи”ни қандай мағлуб этдинглар?
- Бошқалар ўйлагандек, бу оддий “Нефтчи” эмас. Жуда ва жуда кучли рақиб ҳисобланади. Лекин бизни мазкур ўйин учун режамиз бор эди ва унга асосан ғалаба қозонишни хоҳладик. Натижада сафарда ўйнашимизга қарамасдан ўзимиз учун ниҳоятда керакли голни ура олдик. Бундай паллада ўз дарвозамиздан гол ўтказиб юбормаслик ҳам жуда муҳим эди. Натижада буни уддалай олдик ва биз муваффақиятга эришдик.
- Умуман олганда, қўл остингиздаги футболчиларнинг ҳаракатларидан, жамоангизнинг ўйинидан ҳар томонлама қониқдингизми?
- Мен қўл остимдаги йигитларимдан жуда ҳам мамнунман. Уларнинг бугунги ўйин услубига келсак, вақт ўтиши билан кўрсатаётган ўйинимиз янада яхшиланиб бораверади. Лекин бугун йўқотилган очколар ўрнини қоплаш ва шунинг баробарида ишончга эришишимиз керак эди. Ҳайриятки, ҳаммаси биз учун ижобий якун топди.
- Айни пайтда “Нефтчи” қора чизиқни босиб ўтяпти. Нима деб ўйлайсиз, балки фарғоналикларнинг муваффақиятсизлик гирдобига тушиб қолгани ҳам жамоангизга асқотгандир?!
- Мен жамоа борасида ҳаммаси ёмон деб ўйламайман. Лекин бугунги учрашувда омад ҳам, ғолибликка интилиш ҳам биз томонда эди.
- Кўпчилик ушбу ўйиндан олдин “Нефтчи” бош мураббийи Илҳом Мўминжонов учун охиргиси бўлиши мумкинлиги ҳақида гапиришди. Нима деб ўйлайсиз, ҳамкасбингизни ютиш орқали уни истеъфосини тезлаштирдингизми?!
- Биласизми, бу ҳақида эшитганим йўқ. Умуман айтганда, сиз айтган нарса содир бўлади, деб ҳам ўйламайман. Аслида ҳам бундай ҳолат юз беришини хоҳламайман. Шуни алоҳида айтишни истардимки, ҳар қандай мураббийга вақт керак ва бунинг ортидан ҳаммаси жойига тушиб кетади. Биламан, Илҳом ака яхши мутахассис. Ўйлайманки, унинг учун барчаси жойида бўлади.
- Мазкур беллашувда ягона гол муаллифи Жером Этаме энг яхши ўйинчи деб эътироф этилди. У ростдан ҳам зўр ўйнадими?
- Бугун у гол урди ва комиссар айнан энг яхши ўйинчи, деб уни танлади. Лекин футболчи 45 дақиқа ўйнади. Яъни, захирадан ўйинга қўшилганди. Аммо майдонда жуда муҳим дақиқаларни ўтказди ва бизга гол уриб 3 очкони олиб келди. Бироқ таркибимизда яна кўплаб яхши даражадаги футболчиларимиз бор. Барчаси зўр ишлашди.
Фикрлар