Бугун Coca Cola Суперлигаси 9-туридан ўрин олган "Локомотив" - "Машъал" учрашуви ўтказилади. Мезбонлар матбуот котиби учрашувга оид маълумотларни тақдим этди.

Турнир жадвалида “Локо” 12 очко билан 8-ўринни эгаллаб турибди. Тўплар нисбати 11-11. “Машъал” эса 6 очко тўплаб, 11-ўринда бормоқда ва бу жамоанинг тўплар нисбати 6-10.

Карантиндан сўнг дастлабки 3та баҳсда имкониятни бой берган “Локомотив”, охирги икки учрашувни ғалаба билан якунлади. “Темирйўлчилар” дастлаб “Қизилқум”ни 3:0, сўнгра “Сурхон”ни 2:1 ҳисобида мағлуб этишди. Умуман олганда, мавсум бошидан бери “Локо” 4та ўйинда ғалаба қозонган ва барча ғалабалар уйдаги баҳсларда қўлга киритилган.

Икки йиллик танаффусдан сўнг яна Суперлигага қайтган “Машъал”, ҳозирча бир марта ғалабага эришди. Муборакликлар илк турда “Сўғдиёна”ни 3:0 ҳисобида мағлуб этганди. Шундан бери ўтказилган 7та ўйиннинг ҳеч бирида “газчилар” зафар қуча олмади: 3 дуранг, 4 мағлубият.

Биласизми? “Машъал” қаторасига охирги учта баҳсда имкониятни бой берди. Бу мағлубиятлар AГМК, “Қўқон-1912” ҳамда “Пахтакор” билан кузатилди. Шунингдек, “Машъал” охирги 4та ўйиндан бери гол ура олмаяпти.

Факт: Жамоалар шу пайтгача ўзаро 24та ўйин ўтказган бўлиб, шундан 13тасида “Локомотив”, 9тасида “Машъал”нинг қўли баланд келган.

Учрашувни бугун соат 19:00да “Спорт” ТВ орқали тўғридан тўғри кузатиб боришингиз мумкин.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)