"Локомотив" 90 фоизга ўзгаришини билдиришди, "Нефтчи" менга ўтган йили ҳам таклиф билан чиққан" - Санжар Қодирқулов
“Нефтчи” клуби шартнома имзолаган янги футболчилар орасида Санжар Қодирқулов ҳам борлигини энди биласиз.
Ушбу ажойиб қанот ярим ҳимоячиси бунгача бир неча мавсумни “Локомотив” клубида ўтказди. Энди унинг фаолиятида янги саҳифа очиляпти. Қодирқулов “Нефтчи”га ёрдам бера оладиган ўйинчи.
Ҳамма ишлар ҳал бўлгач, Sports.uz журналисти Санжар билан суҳбатлашди.
- Санжарбек, аввало, сизни "Нефтчи" жамоаси аъзосига айланганингиз билан табриклайман. Ҳаммаси қандай юз берди? Бу таклиф сиз учун бирданига пайдо бўлиб қолдими ёки аввалдан воқеалар ривожи шунга қараб кетаётганмиди?
- “Локомотив” билан шартномам тугаганди. Билсангиз керак, “Локомотив”да мураббий ўзгарди. Ҳамма мураббийларни ўзига яраша қарашлари ва режалари бор. Жамоа 90 фоизга ўзгаришини билдиришди. Шу боис клуб билан хайрлашишга қарор қилдик. “Нефтчи” жамоаси менга ўтган йили ҳам қизиқиш билдирган. Лекин у пайтда шартномам бор эди. Бунинг устига қийин пайтда “Локомотив”ни ташлаб кетгим келмади. Худога шукр, жамоани элитага қайтариб юзимиз ёруғ бўлиб кетдик. Менга бир нечта таклифлар бўлди. Уларнинг орасида “Нефтчи”нинг таклифи менга маъқул келди. Олдига катта мақсад қўйган жамоа шаклланиб улгурган. Мураббий ўз фалсафасини жамоага сингдирди. Фарғонада мухлислар футболни яхши кўришади. Улар ўзига яраша жонкуяр. Худо хоҳласа, “Нефтчи”ни ўз олдига қўйилган мақсади йўлида қўлимиздан келганича ҳаракат қилиб, мухлисларни хурсанд қилишга интиламиз. “Локомотив”га фақат омад тилайман. У ерда яхши жамоа шаклланишига тилакдошман.
- Сиз декабрнинг бошидаёқ янги клубга ўтиб қўя қолдингиз. Ҳолбуки, аксар футболчилар январда ўз жамоаларини танлайдилар. Сиз шошдингизми ёки "Нефтчи"ми?
- Про лига чемпионати 25 октябрда тугаган. Икки ойга яқин вақт ўтди. Яъни, ўйлаб олишим учун етарлича вақт бўлди. Бунинг устига шартномам ноябрь ойи охирларида тугаганди. Кўп футболчилар янги клубга ўтганини январда оммага эълон қилишади, аммо ўйлашимча унгача келишиб қўйишади.
- Умуман олганда, "Локомотив" клубидаги фаолиятингиздан сизда кўпроқ нималар ёдда қолди?
- “Локомотив”да ёдда қоладиган нарса бу кўплаб мураббий ўзгариши бўлди, деб ўйлайман.
- Суперлигада кўзга ташланиб қолгансиз. Аммо бу йили про лигада ўйнадингиз. Бир йил давомида нима йўқотдим, деб ўйлайсиз?
- Ҳаммаси Аллоҳдан. Насиб қилгани бўлади. Тўғри, Суперлига даражаси юқорироқ. Аммо про лигада ҳам ўзига яраша қийинчиликлар бўлди.
- Сир бўлмаса, олдингизда яна қандай таклифлар бор эди?
- Мен энди “Нефтчи” аъзосига айландим. Қолгани сир бўлиб қўя қолсин.
- "Нефтчи" билан нимага эришмоқчисиз? Аниқ мақсад ҳақида айта оласизми?
- Худо хоҳласа, мақсадимиз ҳар бир учрашувда ғалаба қозониб мухлисларни хурсанд қилиш.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар