"Локомотив" "Сурхон"ни ниманинг эвазига таслим этди? - Андрей Фёдоровдан жавоб

“Локомотив” бош мураббийи Aндрей Фёдоров “Сурхон” устидан қозонилган ғалабадан кейин ўз фикрларини билдирди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

- Рестартдаги илк ғалабадан кейин руҳий тайёргарликка кўпроқ эътибор бердик. Биз ўтаётган барча ўйинларни оғир деб ҳисоблаймиз. Ҳозирда мураббийлар штаби билан нафақат келгуси турдаги рақиб, балки чемпионатнинг барча ўйинларини кузатиб боришга ҳаракат қиляпмиз.

Ҳеч бир жамоа осон ўйин ўтказмаяпти. Ўтган турда “Қизилқум” мағлуб этилганидан кейин айрим мухлислар “Локо” ўзига келиб олди, энди ҳамма рақибни янчиб ташласа керак деб ўйлашди. Йўқ, ўтган ғалабадан кейин кичик давр мобайнида футболчиларга “Сурхон”га қарши баҳс яна-да оғир бўлишини тушунтира олганимиз ва бунга эришганимиздан хурсандман.

Футболчилар ҳам бизнинг барча гапимизни, йўриқларимизни тўғри тушунишмоқда. Ҳеч қайси жамоа очколарни осонгина бериб қўймаяпти, очколарни тортиб олиш керак. Бунинг учун жуда кучли характер ва касбга фидойилик бўлиши талаб этилади. Йигитларга раҳмат, бугун биз ҳақли ғалабага эришдик, - деди мураббий.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!