"Локомотив" устози: "Рақибга бугун оғир бўлди"

Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичида “Локомотив” сафарда “Қизилқум”ни мағлубиятга учратди. Ўйиндан кейин меҳмонлар бош мураббийи Денис Коростиченко журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

- Илк навбатда барчани ғалаба билан табриклайман. Ғалаба адолатли бўлди. Биринчи бўлимда ўйин бобида ёмон кўринмадик, иккинчи бўлимда эса бироз сустлашдик. Муҳими ишни ғалаба билан якунладик. Рақибларимизга эса бугун ўйнаш қийин бўлди. Чунки улар деярли тўлиқ ўйин камчилик бўлишди. Шу сабабли уларга бугун оғир бўлди, деб ўйлайман. «Қизилқум»га навбатдаги ўйинларда омад тилайман.

- Бугун ҳар икки жамоада қизил карточкали ҳолат бўлди. Бу ҳақида нима дея оласиз?

- Ўйиндаги биринчи қизил карточкани кўрмай қолдим. У ерда нима бўлганини билмайман. Қўпол ўйнаган дейишди. Бизнинг четлатиш эса икки марта ҳужумни бузиш сабабли бўлди. Эпизодларни кўриб чиқамиз.

- Жамоа 6 очкони қўлга киритди ва плей-оффга чиқишни уддалади. Гуруҳдаги сўнгги ўйинга тайёргарлик қандай бўлади? Режалар ўзгарадими?

- Илк навбатда биз 4 кундан кейин бўладиган «Машъал»га қарши баҳс ҳақида ўйлаймиз. Кейин эса Самарқанд сафари бизни кутиб турибди, «Юниред»га қарши ўйнаймиз. Шу сабабли ҳозир эътиборимиз чемпионат ўйинларига қаратилади. Шундан кейин «Динамо»га қарши баҳс бўлади. Ана ўшанда бу учрашув ҳақида ўйлаймиз.

- Бугун «Локомотив» мураббийи Мирко Йеличич ўз туғилган кунини нишонлади. Ушбу мураббий ҳақида нима дея оласиз?

- Барча унинг юқори даражадаги мутахассис эканлигини яхши билади. У уч марта «Локомотив»ни чемпион қилган. Ўшанда «Локомотив» тактик томонлама барчани ютганди. Шу сабабли ўша ғалабаларда Мирконинг хизмати катта бўлган дея оламан. Шунингдек, ушбу мавсумдаги ўйинларда ҳам у катта масъулиятни бўйнига олмоқда. У бундай табрикловга лойиқ.

“Локомотив” матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!