"Локомотив" ва Elmakon ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади

Ҳар жабҳада профессионаллик сари интилаётган Тошкентнинг "Локомотив" клуби бундан буён Elmakon замонавий техника ва электроника дўконлари тармоғи билан яқиндан ҳамкорлик қилади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.  

Бугун "Локомотив" стадиони матбуот анжуманлари залида икки томон ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда "Локомотив" ПФК бош директор ўринбосари Тўлабек Акрамов, Elmakon дўконлар тармоғи раҳбари Жаҳонгир Абдуллаев ва ривожланиш ишлари бўйича директори Бахтиёр Қосимов, шунингдек, бир қатор ОАВ вакиллари иштирок этишди. Тадбирда ҳар икки томон вакиллари ҳам ушбу ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли эканини таъкидлашди.

"Локомотив" ПФК бош директор ўринбосари Тўлабек Акрамов Elmakon билан ҳамкорлик "Локомотив" жамоаси ўйинлари тарғиботини янада кучайтириш ҳамда клуб брендини янада кенгроқ ёйиш имконини беришини айтиб ўтди. Elmakon дўконлар тармоғи раҳбари Жаҳонгир Абдуллаев эса футбол бўйича Ўзбекистон чемпиони билан яқин алоқалар йўлга қўйилаётганидан жуда мамнун эканини билдирди.

Тадбир якунида ҳар икки томон ўзаро ҳамкорлик хусусида меморандум имзолашди. Унга кўра, эндиликда Elmakon "Локомотив" жамоасининг ҳар бир уй учрашуви анонс ҳамда рекламасини имкон қадар кенгроқ қамровда бўлишини ва бу орқали кўпроқ ишқибозларнинг ўйин тўғрисида хабардор бўлишини таъминлаши келишиб олинди. Бу орқали "Локомотив" стадионда ўтадиган учрашувларга кўпроқ мухлислар келишини таъминлаш кўзда тутилган. Ўз навбатида "Локомотив" профессионал футбол клуби Elmakon брендини уй учрашувлари давомида ҳамда клубнинг ўйинга доир дастур ва акцияларида тарғиб этиши келишиб олинди. Шунингдек, томонлар ижтимоий соҳада ҳам ҳамкорликда турли хайрия акциялари ва тадбирлар ўтказиб турадиган бўлишди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!