
“Локомотив” — АГМК ўйини соати ўзгарди
Тошкентга юқори мартабали меҳмонларнинг ташрифи муносабати билан “Локомотив” футбол клуби мазкур беллашувни ТТЙМИ стадионига кўчиришни сўраб, ЎзПФЛга мурожаат билан чиқди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар бермоқда.
Вазият ўрганиб чиқилиб, “Локомотив” футбол клубининг таклифи қаноатлантирилди. Ўйин аввал белгилангани каби 18:20 да эмас, балки 16:45 да старт олади. Сабаби ТТЙМИ стадиони майсаси талабга жавоб берса-да, ёритиш тизими ҳақида бундай фикр билдириб бўлмайди.
Эслатиб ўтамиз, илгарироқ "Локомотив" матбуот хизмати баҳс 16:30 да бошланиши борасида хабар берган эди.
Айни вақтда Суперлига ўйинларини трансляция қилаётган “Спорт” бу каби масалаларни камида бир ҳафта аввал режалаштириши инобатга олинса, мураккаблик айнан телеканал билан боғлиқ бўлиши мумкин. “Спорт” 16:15 да старт оладиган “Сурхон” — “Пахтакор” ҳамда 18:20 да бошланадиган “Локомотив” — АГМК ўйинини жонли кўрсатишни режалаштирганди. Юқоридаги ҳолат телеканал режаларининг ўзгаришига сабаб бўлади.
Фикрлар