Лука Чермель: "Навбаҳор” жорий мавсумда ўзи қатнашадиган барча мусобақаларда зафар қучишни мақсад қилган"

Ўзбекистон Coca Cola Суперлигасининг қолдирилган 8-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Бухоро” жамоалари ўртасидаги учрашув арафасида “лочинлар”нинг сербиялик 27 ёшли тажрибали ҳимоячиси Лука Чермель бўлажак ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Гарчи бўлажак рақибимиз “Бухоро” турнир жадвалининг 13-поғонасидан жой олиб турган бўлсада, ҳар қандай рақибга ҳурмат билан ёндошиш зарур. Боиси, Суперлиганинг жорий мавсум баҳслари бу йил осон ўйинлар бўлмаслигини исботламоқда. Бўлажак беллашув ҳам бундан мустасно бўлмайди, албатта.

Умуман олганда, “Навбаҳор”га қарши барча жамоалар ўзгача иштиёқда майдонга тушади ва сафарги рақиб - “Бухоро” ҳам жамоамизга муносиб қаршилик кўрсатишга интилади. 

Шундай бўлсада, биринчи давранинг сўнгги ўйинида майдонга ғалаба иштиёқида тушиб, буни амалга ошириш учун барча имкониятимизни ишга соламиз.

Боиси, давралар оралиғидаги  танаффусга пешқадам сифатида чиқиб кетмоқчимиз ва мазкур имконият ўз қўлимизда. Бунинг учун эса бухороликларни мағлубиятга учратишимиз лозим. Шунда мухлисларимиз ҳам стадиондан уйларига яхши кайфиятда қайтишади.    

Ишқибозлардан эса жамоамизни бевосита стадионда муносиб тарзда қўллаб-қувватлаб, ғалабамизга мададкор бўлишларини сўраб қоламан. “Навбаҳор” жорий мавсумда ўзи қатнашадиган барча мусобақаларда зафар қучишни мақсад қилган.   

Буни амалга ошириш учун биз – футболчилар қўлдан келганича ҳаракат қиламиз", - деди Лука Чермель.

                                                                                                                                                

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!