Лунин: "Реал" Мюнхенда вазиятни ўзгартира олади"

"Реал" дарвозабони Андрей Лунин "Бавария"га қарши Чемпионлар лигаси чорак финали жавоб баҳси олдидан жамоаси камбэк қилишга қодир эканига ишонч билдирди.

Мадрид клуби илк учрашувда "Сантьяго Бернабеу"да 1:2 ҳисобида мағлуб бўлган эди. Шунга қарамай, украиналик посбон имкониятлар сақланиб қолаётганини таъкидлади.

"Биз ўтказиб юборилган голларнинг олдини олишимиз мумкин эди, аммо жамоа яхши реакция қилди. Агар Нойер ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилган бўлса, демак биз кўп ҳужум қилганмиз.

Биз ҳали ўйиндамиз. Ҳар доим вазиятни яхши томонга ўзгартириш мумкин. Жавоб учрашуви янада қийин бўлади, аммо биз ўзимизга ишонамиз. Бу — Чемпионлар лигаси чорак финали. Барибир осон бўлмаслигини билардик.

Маълум бир пайтда паст блокда ҳимояланишимизга тўғри келишини ҳам билган эдик. Тўп бизда бўлганида эса ўйинни назорат қилишни хоҳладик.

Энди асосийси — гол уриш ва ўтказиб юбормаслик. Қолганини жавоб ўйинида кўрамиз, вазиятни ўзгартира оламизми-йўқми", — деди Лунин.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!