Лутфулла Тўраев жиддий йўқотишми? Унинг ўрнини қандай тўлдиришмоқчи? Шаркич "Нефтчи"да қоладими? Бош мураббий қандай жавоб берди?

Фарғонанинг “Нефтчи” клуби айни чоғда Туркияда ўқув-машғулот йиғинини олиб боряпти. Иккита учрашувда жамоа дуранг ўйнади.

Туркиядан “Нефтчи” мухлислари учун ёқимсиз хабар келди. Жамоа сардори ва етакчиси Лутфулла Тўраев оёғидан жароҳат олиши оқибатида 3-4 ойга сафдан чиқди. Шу боис Sports.uz журналисти мазкур масала, Туркиядаги йиғин ҳамда селекция борасида Левченко билан боғланди.

- Виталий Григорьевич, “Нефтчи” Туркиядаги йиғинининг дастлабки иккита учрашувида бир хил 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади. Мазкур баҳслар сизга ёқдими?

- Биз ажойиб рақибларга қарши иккита спарринг ўтказдик. Йигитлар ўша ўйинларда олдиларига қўйилган вазифаларни бажардилар.

левченко3_2

- Футболчилар режаларингиз ва ўйин услубларингизни тўлиқ тушуниб боряптими?

- Таркибимизга янги ўйинчилар келиб қўшилишди ва улар жамоага, шерикларига аста-секинлик билан кўникиб бормоқдалар.

- Жамоа етакчиси Лутфулла Тўраев жароҳат олиб, бир неча ойга сафдан чиқди. Ўйлашимча, бу “Нефтчи” учун жуда жиддий йўқотиш-а?

- Биз учун ҳар бир футболчи муҳим ва қадрли. Албатта, етакчи ўйинчи жароҳат оладиган бўлса, бу жиддий йўқотишга айланади.

виталий2_4

- Энди Тўраевнниг ўрнини қандай тўлдирмоқчисизлар?

- Табиийки, Лутфулланинг ўрнини босадиган футболчини топиш устида бош қотиряпмиз. Албатта, унинг тезроқ соғайишини истаймиз.

- Жамоангизда яна янги легионер кўришимиз мумкинми? Сир бўлмаса, бу борада кимлар билан музокаралар олиб бориляпти?

- Бизга ёрдами тегадиган ўйинчилардан иборат номзодлар йўқ эмас. Шунингдек, янги легионерларни сафга қўшиб олишни хоҳлаймиз.

- Эшитишимча, таркибдаги яна бир қатор футболчиларда жароҳат аломатлари сезилаётган экан. Бундан чиқди, клубда яна жароҳатлар эпидемияси бошландими?

- Йўқ, бу тўғри эмас. Афсуски, жароҳатлар футболчи касбининг ажралмас қисмларидан биридир. Бизда микрожароҳатга йўлиққан ўйинчилар бор ва уларнинг аҳволини оғирлаштириб юбормаслик учун уларга бироз дам олиш имконини берамиз.

левченко1_4

- Виталий Григорьевич, жамоангизнинг селекция ишларидан қониқиш ҳосил қиляпсизми?

- Биз ҳали селекция ишларини тамомлаганимизча йўқ. Трансфер ойнаси ёпилгунга қадар бу саволингизга жавоб бера олмасам керак.

- Дарвоқе, клубга қўшилган Оливер Шаркич масаласи нима бўлди?

- Бизда ҳали ечимини кутаетган бир қанча масалалар бор. Фақат шундан кейин бу масалани ҳал қила оламиз.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!