Любинко Друлович: Кўп ўйнамаган футболчиларнинг норози бўлиши табиий, аммо жамоамизда муҳит яхши эди

Одатда, терма жамоаларимизнинг азалий орзусига эришишига бир баҳя қолганда нимадир етишмай қолади. Яқинда эса олимпия терма жамоамиз ҳам Олимпиада йўлланмасини қўлга киритишга жуда яқин келган бўлса-да, якунда ўз имкониятини қўлдан чиқариб юбориб, Олимпиада чиптасидан қуруқ қолди.

Албатта, бундай муваффақиятсизлик барчамиз учун жуда аламли бўлганди. Ҳолбуки, терма жамоамиз ўз олдида турган жиддий вазифани бажариши учун сербиялик мутахассис Любинко Друлович таклиф этилганди. Тўғри, Осиё чемпионатида унинг бошчилигидаги жамоамиз ёмон таассурот қолдирмади. Бироқ ҳал қилувчи баҳсларга келганда унинг жамоаси айтарли ҳеч нима қила олмади.

Аслида эса Друловични ёмон мутахассис, деб ҳам бўлмайди. Унинг ўзига яраша тажрибаси ва футболга бўлган қарашлари бор. Лекин футболда натижа биринчи ўринда туришини инобатга олсак, мураббий вазифани бажара олмагач, ўз-ўзидан унга танқидлар ёғилиши табиий ҳол эди. Унинг ўзи ҳам терма жамоамизни Олимпиадага олиб чиқа олмаганидан афсусда эди...

Умуман олганда, сербиялик мураббий Ўзбекистондан кетганидан бери ҳаёти қандай кечмоқда? Ҳозирда нима иш билан банд? Друлович дастлаб айни пайтдаги ҳолати ҳақида гапирар экан, ҳаммасини вирусдан бошлади.

- Ушбу коронавирус бутун дунё учун катта муаммо келтириб чиқарди. Шу сабабли ҳам бундай пайтда инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун янада масъулиятли бўлишимиз жуда муҳим. Мен эса ҳозирда оилам билан Белграддаман.

Ўзбекистондаги фаолиятим мобайнида айниқса, охирги 4-5 ой давомида бор эътиборимни фақат ишга қаратгандим. Шунинг натижасида оилам билан етарли даражада бирга бўла олмагандим. Шунинг учун ҳам ҳозирда кўпроқ улар билан вақт ўтказяпман.

друлович4

Умуман айтганда, уни кўпчилик билади. Балки мураббийнинг хизматига бошқалар томонидан қизиқишлар кузатилаётгандир. Ҳарқалай айни пайтда оиласи билан бирга вақт ўтказаётган Друловичнинг ўзида ҳам яна қайноқ иш жараёнига қайтиш учун қизиқиши юқори. Лекин...

- Албатта, ҳозирги пайтда бир қатор таклифларга эга бўлиб турибман. Лекин ўзингиз ҳам кўриб турганингиздек, ҳозирга келиб вирус туфайли ҳамма нарса тўхтаган, - дея бу масалада ўз муносабатини билдирди Друлович.

Юртимизда бир йил ишлади ва унинг олдига қўйилган асосий вазифа эса терма жамоамизни Олимпиада мусобақасига олиб чиқиш эди. Афсуски, вазифа бажарилмади, ҳамманинг хафсаласи пир бўлди. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, бош мураббийга кутилганидек танқидлар билдирилди. Бундай вазиятга тушиб қолган сербиялик мутахассис эса қуйидаги фикрларини билдирди.

- Билишимча, мен ва мен билан бирга ишлаган барча ходимлар ишни яхши бажардик. Яъни, биз бир жамоа сифатида катта ҳажмдаги вазифани уддаладик. Афсуски, охирги қадамни босишда биз омадсиз бўлдик. Бунинг учун эса биринчи навбатда футболчилардан кечирим сўрайман. Чунки улар Олимпиада йўлланмасини қўлга киритишга лойиқ эдилар.

друлович3

Ҳар доим натижага фақат бош мураббий жавоб беради. У эса ўзи айтиб ўтганидек, қўл остидаги футболчилари Олимпиадада қатнашишга муносиб бўлганлигини, аммо вазифа бажарилмагач, бунинг учун улардан кечирим сўрамоқда. Балки мураббийнинг ўзи ҳам иш жараёни давомида қаердадир хатога йўл қўйган бўлиши ҳам мумкин, шундай эмасми? Агар ўз ишини таҳлил қилган бўлса, қаерда хатога йўл қўйганини аниқ айта олармикин?

- Атрофдан қараганда ишни бошқачароқ қилиш мумкин эди, деб айтишлари табиий. Аммо ҳар доим бундай нарсаларни айтишга осон. Лекин биз ўша вазиятнинг ичида бўлдик ва мақсадимизга эришишга жуда яқин келгандик. Лекин бу – футбол. Барчада эса бундай омадсизликлар ҳам бўлиб туради. Айниқса, маррага деярли етиб келган пайтингда ҳаммаси тўхтаб қолади, - дея изоҳ билдирди.

Шунингдек, терма жамоамизнинг Олимпиадага чиқа олмаганига бир қатор сабаблар ҳам келтирилмоқда. Охирги пайтларда эса мураббийнинг бошчилигида ўйнаган айрим футболчилар терма жамоадаги муҳит яхши бўлмаганлиги ҳақида ҳам айтишмоқда. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин? Балки, чиндан ҳам муҳитнинг яхши эмаслиги ҳам натижага таъсир кўрсатганмиди? Аммо Друлович ушбу масалага тўхталар экан, бундай фикрларга умуман қўшилмади.

- Ўйлайманки, жамоамиздаги муҳит жуда ҳам яхши эди. Албатта, кўп ўйнай олмаган ва захирада ўтирган футболчиларнинг норози бўлиши ҳамда бизнинг фикрларимизга қўшилмаслиги одатий ҳол деб ҳисоблайман. Буни футболда нормал ҳолат, деган бўлардим. Афсуски, футболда барча ўйнай олиши мумкин бўлган вариантлар йўқ. Шундай экан, ҳаммани ҳам майдонга туширишнинг иложи йўқ эди.

Хуллас, энди нима бўлган тақдирда ҳам унинг юртимиздаги фаолияти тарихга айланди. Лекин Ўзбекистон унда жуда ижобий таассурот қолдирганини ҳам яшириб ўтирмади. Ўз ўрнида сербиялик мураббий Ўзбекистон футбол ассоциациясига ҳам ҳамкорлик учун раҳмат айтди.

- Ўзбекистондан жуда ҳам ижобий таассуротларга эгаман. У ерда янги дўстлар орттирдим. Яна бир бор такрорлашни истардимки, Олимпиадага бора олмаганимиздан кечирим сўрайман. Ўз навбатида Ўзбекистон футбол ассоциациясига яхши ҳамкорлик учун миннатдорлик билдираман. ЎФАнинг кейинги иш фаолиятида фақат энг яхши тилакларимни билдириб қоламан.

друлович_2

Хабарингиз бўлса, Любинко ўз пайтида кўзга кўринган футболчилардан бўлган. Айниқса, Португалиянинг “Порту”, “Бенфика” каби клубларида муваффақиятли тўп сурган. Шу сабабли ҳам унинг футбол оламидаги таниқли шахслар орасида дўстлари кўп. Яқинда эса Друловични португалиялик собиқ футбол юлдузи Луиш Фигу билан овқатланиб ўтирган расмини интернет орқали кўриб қолдим. Шу ҳақида Друловичдан сўраганимда шундай жавоб қайтарди:

- Луиш Фигу менинг дўстим. Футболчилик фаолиятимиз давомида биз у билан бир-биримизга қарши бир неча бор ўйнаганмиз. Айниқса, “Спортинг”, "Барселона” ва “Реал”да ўйнаган пайтларда рақиб сифатида тўқнаш келардик. Шунинг учун Фигу билан анчадан буён яқин муносабатдамиз.

Сўнгги сўз ўрнида Любинко Друлович аслида кейинги режалари қандай эканлиги билан ҳам ўртоқлашди.

- Барчамиз ҳозирги пандемиянинг тугашини кутяпмиз. Табиийки, тезроқ одатий ҳаёт тарзимизга қайтишни хоҳлаймиз. Умид қиламанки, бу ҳолат тез орада рўй беради. Шундан кейинги режамга кўра мен клуб ёки бирор-бир терма жамоада иш бошлашим керак. Умуман олганда, фаолиятимда янги чақириқ ва янги синовга эга бўлишим даркор.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
axmad_qurbonov
19/04/2020 23:29
drulovich zidanga 2 yil wogirt bo‘lsaiz tochna birgina kamchiligingiz (ratatsiya) yaxwilanadi