Любинко Друлович Ўзбекистон терма жамоалари нега охирги дақиқаларда мағлубиятга учраши борасидаги саволга жавоб берди
Осиё чемпионати ярим финалидан ўрин олган Саудия Арабистони - Ўзбекистон учрашувидан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида дастлаб Любинко Друлович иштирок этди.
- Қийин ўйин бўлди. Ҳар икки жамоа учун. Балки бу рақиб биздан кўра бир кун кўп дам олгани учун ғалаба қозонгандир. Бизда ҳам вазиятлар бўлди. Биргина Бобир Абдихолиқовда бир нечта қулай имкониятлар яратилди. Аммо у булардан фойдалана олмади. Ғалаба билан саудияликларни табриклайман.
Нега Ўзбекистон терма жамоалари охирги дақиқаларда мағлубиятга учрайди? Бу саволга аниқ бир жавоб бериш қийин. Бу ўйин мисолида айтадиган бўлсам, Азизжон Ғаниев тўпни йўқотди ва тўп рақиб футболчисига бориб турши. Саудиялик ўйинчининг зарбаси эса гол билан якунланди. Футболда бундай хатолар учраб туради. Футбол шуниси билан қизиқ. Лекин бўлар иш бўлди. Энди эътиборимизни 3-ўрин учун беллашувга қаратишимиз керак. Бу жуда ҳам муҳим баҳс.
Биринчи навбатда одам ўзига ишониши шарт. Чунки инсон ишонч сари одимлайди. Олдиндаги 2-3 кун футболчиларни тайёрлашимиз, уларнинг руҳий ҳолатини яхшилашимиз керак. Биздан бутун Ўзбекистон халқи ғалаба кутмоқда. Ўйлайманки, охирги учрашувда биз, албатта, Олимпиада йўлланмасини қўлга киритамиз. Бунинг учун бор кучимизни сарфлаймиз, - деди мураббий.
Фикрлар