Люпчо Дориев: "Бабаян дриблинг қилаётганимда мени йиқитмоқчи бўлди, лекин уддалай олмади"

Хабарингиз бор, бугун Суперлиганинг янги мавсумига старт берилди. Жиззаxнинг "Сўғдиёна" клуби сафарда "Андижон" билан куч синашиб, йирик 4:0 ҳисобида мағлубиятга учради. 

SPORTS.uz сайти журналисти Билолбек Имомов беллашувдан сўнг Люпчо Дориев билан интервью ташкил этди. Футболчи суҳбат давомида Самвел Бабаян билан бўлган можаро, йирик ҳисобдаги мағлубият ва кейинги ўйинлар ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Дастлаб, Бабаян билан бўлган бироз жанжал ҳақида сўрамоқчиман. Ўртангиздаги диалог қандай бўлгани ҳақида айтиб бера оласизми? Бу ўйиндан сўнг давом этдими ёки келишиб олдингларми?

— Ҳеч қандай жиддий ҳолат бўлмади. Мен чизиқ бўйлаб дриблинг қилган пайтимда у менга қоидабузарлик қилишга уринди, лекин буни уддалай олмади (кулади). Барчаси майдон ичида қолди. Мен ҳам, у ҳам тушунамиз — ҳар бир футболчи жамоаси ғалаба қозониши учун қўлидан келганини қилади. Шунинг учун бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ.

Бугунги йирик мағлубиятга асосий сабаб дея нимани айта оласиз? Сизнинг фикрингизча, бугунги ўйиндан кейин клуб нималарни ўзгартириши керак?

— Биз ўйинни истагандек бошлай олмадик. Жамоамизда кўплаб янги футболчилар бор ва уларга мураббий талабларини тўлиқ тушуниб олиш учун вақт керак. Бу фақат биринчи ўйин, шунинг учун хулоса чиқарамиз ва кейинги баҳсларда яна ўз йўлимизга қайтамиз, деб ўйлайман.

"Сўғдиёна"нинг қолган клубларга қараганда тақвими оғирроқ. Жамоани кейинги турларда "Насаф", ОКМК ва "Пахтакор" каби кучли клублар кутмоқда. Ушбу ўйинлар олдидан нималар дея оласиз?

— Мен учун ҳар бир ўйин бир хил аҳамиятга эга. Рақиб ким бўлишидан қатъи назар, ғалаба учун 110 фоиз куч бериш керак. Бугунги мағлубиятдан кейин янада кучлироқ қайтамиз, деб ишонаман.

Ўтган мавсум тўпурарлардан бири бўлдингиз, бу мавсум ҳам ушбу курашда фаворитлардан бирисиз. Тўпурарлар баҳсида яна қайси футболчилар сизга рақобатчи бўлиши мумкин?

— Бу мавсумда яхши футболчилар жуда кўп. Албатта, тўпурар жамоамиздан кимдир бўлса, мен жуда хурсанд бўламан ва бу йўлда жамоадошларимга ёрдам беришга тайёрман. Шу билан бирга, ўзим ҳам қўлимдан келганча ҳаракат қиламан ва бу курашдан воз кечмайман. Бу ҳали мавсумнинг биринчи ўйини, умид қиламанки, бу йил ўтган мавсумдан ҳам яхшироқ бўлади.

Маълумот ўрнида, "Сўғдиёна" навбатдаги учрашувини 6 март куни ўз уйида "Насаф"га қарши ўтказади. Ундан сўнг эса 8 март куни ОКМК меҳмони бўлади, 19 мартда эса "Пахтакор"ни қабул қилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!