Маъмур Икромов: Дастлабки вазифани бажардик, энди эса бор эътиборни ОФК Кубоги баҳсларига қаратганмиз

Яқинда Тожикистоннинг “Хўжанд” клубига бир қатор ўзбекистонлик футболчилар қўшилишганлиги ҳақида хабар бергандик. Айни пайтда эса жамоанинг етакчиси ва фахрий футболчиси сифатида ҳамюртимиз Маъмур Икромовни айтишимиз мумкин. Боиси, 37 ёшли дарвозабон кутилганидек, “Хўжанд”нинг асосий посбонига айланди.

Сербиялик мураббий эса айнан Икромовнинг тажрибасига таянган ҳолда унга катта ишонч билдирмоқда. Яқинда “Хўжанд” клуби ОФК Кубогининг плей-офф босқичида Қирғизистоннинг “Нефтчи” жамоасига қарши иккита ўйин ўтказди. Аввалига сафардаги беллашувда “Хўжанд” 0:1 ҳисобида имкониятни бой берганди. Аммо ўз майдонидаги жавоб баҳсида тожикистонликлар 3:0 ҳисобида рақибини тор-мор келтиришди ва ОФКнинг гуруҳ босқичига чиқишди. Ушбу ўйинларда ўзбекистонлик футболчилар тўлиқ иштирок этишди ҳамда “Хўжанд”нинг ғалабасига муносиб ҳисса қўшишди. Тажрибали дарвозабон Маъмур Икромов эса янги жамоасидаги дастлабки таассуротлари ҳақида қуйидагича фикр билдирди.

- Авваламбор, 8 март халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан барча аёлларни табрикламоқчиман. “Хўжанд” клубидаги дастлабки таассуротларим эса ёмон эмас. Биз ОФК Кубогининг гуруҳ босқичига чиқишга муваффақ бўлдик. Қирғизистоннинг “Нефтчи” жамоасига қарши ўтган иккита плей-офф баҳсига кўра биз устунликка эришдик. Натижада гуруҳ босқичига чиқдик. Янги жамоага мослашишим эса осон бўлди деган бўлардим. Чунки бу ерда кўп нарса худди ўзимиздагига ўхшайди. Шунинг учун ортиқча қийинчиликларга дуч келмадик.

икромов2_1

11 март куни ОФК Кубоги гуруҳ босқичининг дастлабки турида “Хўжанд” меҳмонда “Истиқлол” билан куч синашади. Айни пайтда Икромов ва унинг жамоаси бўлажак жиддий тўқнашувга тайёргарлик кўришмоқда. Ўз ўрнида ҳамюртимиз гуруҳ ҳақида фикр билдирар экан, шундай деди:

- Эндиликдаги эътиборимиз ОФК Кубогидаги ўйинларимизга қаратилган. Биз дастлабки учрашувни “Истиқлол” майдонида ўтказамиз. Иккинчи турни эса Қирғизистон чемпиони “Дордой”га қарши ўтказамиз. Учинчи турда эса Туркманистон чемпиони – Олтин Аср» билан ўйнаймиз. Кейин эса гуруҳ босқичининг иккинчи давра учрашувлари ўтказилади. Айни пайтда дастлабки учрашув учун жиддий тайёргарлик кўряпмиз.

Ўз навбатида Маъмур Икромов “Хўжанд”нинг олдига қўйилган вазифалар ҳақида тўхталар экан, ОФК кубогида дастлаб гуруҳдан чиқишга ҳаракат қилиб кўришлигини, ички чемпионатда эса “Истиқлол”га жиддий қаршилик кўрсатиш муҳимлигини таъкидлади.

икромов3

- “Хўжанд”нинг олдига қўйилган дастлабки вазифа ОФК Кубогининг гуруҳ босқичига чиқиш эди ва буни жамоамиз уддалади. Энди эса биз имкони қадар кейинги босқичга чиқишга ҳаракат қиламиз. Қолгани эса ўз-ўзидан бўлаверади. Ички чемпионатдаги мақсадимизга келсак, асосан амалдаги чемпион “Истиқлол”га жиддий қаршилик кўрсатмоқчимиз. “Хўжанд” ўз тарихида ҳали Тожикистон чемпиони бўлмаган. Шунинг учун янги мавсумда қўлимиздан келганича чемпионлик учун курашамиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!