Маъмур Икромов матбуот анжуманида нималар деди?
Бугун Тожикистон Суперкубоги ўтказилади. Унда мамлакатнинг икки етакчи клублари – “Истиқлол” ҳамда “Хўжанд” ғолиблик учун майдонга тушишади. Аммо шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, бугунги учрашув мухлисларсиз ўтказилади. Маълумки, “Хўжанд” таркибида тўрт нафар ҳамюртимиз – Маъмур Икромов, Санжар Рихсибоев, Сирож Ҳамроев ҳамда Андрей Сидоров тўп суришмоқда.
Учрашувдан олдинги матбуот анжуманида эса “Хўжанд” бош мураббийи Никола Лазаревич билан бирга жамоанинг асосий дарвозабони Маъмур Икромов ҳам иштирок этди. Табиийки, журналистлар унга ҳам саволлар билан мурожаат этишди. Дастлаб “Истиқлол” билан ўтадиган ўйиндан нимани кутяпсиз, деб сўрашганида ҳамюртимиз шундай жавоб қайтарди:
- Бизни “Истиқлол”га қарши қизиқарли ўйин кутиб турибди. Мақсадимиз эса Тожикистон Суперкубогини ютиш. Шахсан ўзимнинг мақсадим эса Суперкубокни қўлга киритган ҳолда “Хўжанд” клубининг тарихига киришни истайман. Чунки “Хўжанд” жамоаси ўз тарихида ҳали Суперкубокни ютмаган экан.
Икромовга берилган иккинчи савол эса Ўзбекистондаги коронавирус билан боғлиқ бўлди. Бу вазиятда эса Маъмур Икромовнинг жавоби шундай бўлди:
- Албатта, юртимиздаги коронавирус туфайли оилам, бола-чақам, ота-онам, қариндошларим, умуман бутун Ўзбекистон учун қайғуряпман. Худодан тезроқ коронавирус бартараф этилишини сўраяпман. Тожикистонда эса коронавирус йўқ. Шунинг учун ҳам бу ерда футбол ўйнаш мумкин. Шуни ҳам айтишим жоизки, тожикистонликларнинг қўллаб-қувватлашини ҳис қиляпман. Футбол менинг ҳаётим. Шундай экан, “Истиқлол”га қарши кечадиган муҳим беллашувда 100 фоиз жамоам учун боримни беришга ҳаракат қиламан. Тўғри, мухлисларсиз ўйнаш қийин. Аммо ҳозирги вазиятда буни тўғри тушуниш мумкин. Шунингдек, ишқибозларсиз қандайдир хиссиётлар етишмайди. Шунга қарамай, биз мухлисларимизни хурсанд этиш учун ўйнаймиз. Улар эса бизни телевизор орқали бўлса ҳам қўллаб туришади.
Фикрлар