
Мадридда ҳужумчи уч зарба билан Ла Лигада тарихий рекорд ўрнатди
Испания чемпионатининг 35-турида Мадриднинг “Атлетико” жамоаси ўз майдонида ўтган беллашувда “Реал Сосьедад” футболчиларини йирик ҳисобда мағлуб этди.
Учрашув давомида швециялик ҳужумчи Александр Сёрлотнинг тўртта голи мезбонларга ғалаба келтирди.
Сёрлотнинг дастлабки учта голи футболчи номини тарихга ёзди. У тўрт дақиқа ичида учта тўп киритиб, Ла Лига тарихида энг тез хет-трик қилган футболчига айланди. Сёрлот еттинчи дақиқада ҳисобни очган бўлса, 10 ва 11-дақиқаларда яна иккита гол урди.
Бундан ташқари, моҳир ҳужумчи беллашувнинг 30-дақиқасига келиб, сан-себастьянликлар дарвозасини тўртинчи маротаба ишғол қилди.
Жорий мавсумда 28 ёшли ҳужумчи “Атлетико” сафда барча турнирларда 46 та ўйин ўтказиб, урган голлари сонини 17 тага етказиб олди.
Фикрлар