Мадридликлар “Реал”ни супергол билан тиз чўктирган Яхшибоевни ҳеч қачон унутмайди!
Европа Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичида илк маротаба иштирок этаётган Молдованинг “Шериф” жамоаси сенсация қилишда давом этади. Тирасполликлар биринчи турда ўз майдонида Украинанинг “Шахтёр” жамоасини 2:0 ҳисобида мағлуб этгани шов-шув сифатида қабул қилинганди. Кўпчилик бу ғалабани тасодифий ҳисоблаганди.
Ҳақиқий сенсация олдинда экан.
Дунёнинг энг қудратли клублари сирасида турувчи “Реал” деярли ҳеч ким танимайдиган футболчилардан таркиб топган “Шериф”ни менсимаган кўринади. Юлдузли жамоа катта устунлик билан ғалаба қозониши кутилган учрашувда “Қироллик клуби” қақшатқич зарбага учради.
“Реал”ни тиз чўктирган гол муаллифи Жасур Яхшибоев бўлди. Ҳамюртимиз ўйиннинг йигирма бешинчи дақиқада Жасур Яхшибоев жамоадоши Кристиано оширган тўпни боши билан машҳур дарвозабон Тибо Куртуа дарвозасига жойлаб қўйди. Кристиано жамоасининг мусобақадаги учта голига ассистентлик қилди ва бу кўрсаткич бўйича Чемпионлар лигасида пешқадамга айланди.
Ўзбек йигитининг бу гол “Реал”ни том маънода “синдирди”. Яхшибоев “Реал”нинг уй учрашувларини ўтказадиган аренаси - “Сантьяго Бернабеу”да гол урган биринчи ўзбек футболчисига айланди. Мадридликлар уни ҳеч қачон унутмайди.
Қолаверса, Яхшибоев УЕФА Чемпионлар лигасида гол урган иккинчи ўзбекистонлик футболчи сифатида тарихга кирди. Аввал, Киевнинг “Динамо”сида ўйнаган Максим Шацких “кўҳна қитъа”нинг энг нуфузли мусобақасида мунтазам рақиб дарвозасини ишғол қилиб келган. Чемпионлар лигасидаги биринчи голини 1999 йилда урган Максим Шацких бу мусобақада тўп киритган биринчи осиёлик футболчи ҳисобланади.
Бундан ташқари, Жасур фаолиятини тугатган Максим Шацкихдан кейин “Реал”дарвозасига йўл топган иккинчи ўзбекистонлик футболчи бўлди. Шацких 2006-2007 йилги мавсумда “Реал” билан баҳсда дублга эришган. Фақат Максим бу ишни Киевда амалга оширган ва унинг голларига икки марта бразилиялик ҳужумни Роналдо жавоб қайтарган эди.
Яна ўйин тафсилотига қайтамиз. Суперголдан бир неча дақиқа ўтиб, Жасур Яхшибоев яна рақиб дарвозасини ишғол қилиши мумкин эди. “Қироллик клуби” ҳимоячиларини алдамчи ҳаракатлар билан чалғитиб, берилган зарбага бироз аниқлик етишмади.
Ўз мухлислари кўз ўнгида тўп тепган “Қироллик клуби” юлдузлари иккинчи бўлим ўрталарида пенальтидан ҳисобни тенглаштирди. Карим Бензема ўзига берилган имкониятдан унумли фойдаланди.
“Реал” ҳатто дуранг натижани ҳам ушлаб қола олмади. Беллашув якунланиши арафасида Себастьян Тиль молдоваликларга ғалаба келтирган фаолиятидаги энг муҳим голни урди.
“Реал” нокаут бўлди, “Шериф” навбатдаги сенсациясини расмийлаштирди – 1:2.
Қизиғи, Молдова футболи тарихига олтин харфлар битилган ушбу ғалабада маҳаллий футболчиларнинг ҳиссаси қўшилмади. “Шериф”нинг украиналик бош мураббий Юрий Вернидуб таркибни хорижлик футболчилардан шакллантирди - Георгиос Атанасиадис (Греция), Кристиано (Бразилия), Густаво Дуланто (Перу), Данило Арболеда (Колумбия), Фернандо Костанца (Бразилия), Себастьен Тилль (Люксембург), Эдмунд Аддо (Гана), Димитрис Коловос (Греция), Жасурбек Яхшибоев (Ўзбекистон), Франк Кастаньеда (Колумбия), Адама Траоре (Мали).
Захирадан ўйинга қўшилганлар ҳам легионерлар бўлди - Бруно (Бразилия), Кестон Жульен (Тринидад ва Тобаго), Бобан Николов (Шимолий Македония).
Қизиқарли маълумотлар:
- “Шериф”нинг Чемпионлар лигасидаги мағлубиятсиз серияси 11 та учрашувга етди. Жамоа саралаш босқичида ҳам бирор маротаба енгилмади.
- “Реал” мавсумдаги биринчи мағлубиятини қабул қилиб олди.
- “Шериф”нинг таркиби “Реал”никида 64 маротаба арзон.
- Бенземанинг ўзи “Шериф”нинг бутун таркибидан икки баробар қиммат туради
- Transfermarkt маълумотига кўра, бугунги кунда Жасур Яхшибоевнинг трансфер суммаси 500 минг евро, Карим Бенземаники эса 25 миллион еврога баҳоланмоқда.
“D” гуруҳидаги иккинчи учрашувда “Шахтёр” ўз майдонида “Интер”ни қабул қилди. Учрашувда ҳисоб очилмади.
Иккинчи тур якунига кўра, “Шериф” юз фоизлик натижа билан пешқадамлик қилмоқда. Кейинги ўринларда “Реал”, “Интер” ва “Шахтёр” жойлашган.
“Шериф” 19 октябрга белгиланган учинчи тур учрашувида Миланда “Интер” меҳмони бўлади. Футбол мухлисларини янабир сенсация кутмоқда.
Фикрлар