Мағлубиятга Файзуллаев сабабчими?!
Россия Премьер-лигасининг 16-турида ЦСКА ўз майдонида “Ростов” футболчиларини қабул қилди. Бу учрашувдаги ғалаба “армиячилар”га юқори ўринлар учун курашаётган пешқадам жамоалар қаторига қўшилиш имконини берарди.
Беллашув мезбонлар учун муваффақиятли бошлади. Ўйин бобида ростовликлардан ҳар томонлама устунлик қилган “армиячилар” тўртинчи дақиқадаёқ Келлвеннинг голи эвазига ҳисобни очишга эришди.
Бироқ ўйиннинг иккинчи ярмида ЦСКА бошланган ишни охиригача етказа олмади. “Ростов” бош мураббийи Валерий Карпин амалга оширган ўзгаришлар ўз самарасини берди. 75-дақиқада захирадан майдонга тушган Егор Голенков иккита тўп киритиб, мағлубиятни ғалабага айлантириб юборди.
Россия футболи экспертлари, хусусан, football24.ru сайти мутахассислари ушбу учрашувни таҳлил қилиб, мағлубиятга сабаб бўлган уч футболчини аниқлади.
Данил Круговой
ЦСКАнинг қанот ҳимоячиси Данил Круговой жуда бўш ўйнади. Рақиб ҳужум қилганда ҳимояланиб, қолган пайт ҳужумга ўтиши талаб қилинган футболчи бутун учрашув давомида бирор маротаба жамоа ўйинини кучайтирадиган ҳаракатни амалга ошира олмади.
Бундан ташқари, Круговой рақиб дарвозасига биронта зарба йўллагани йўқ. Майдон марказида қоида бузиб, умуман керак бўлмаган вазиятда огоҳлантириш олди.
Аббосек Файзуллаев
ЦСКАнинг ўзбекистонлик ҳужумчиси Аббосбек Файзуллаев бугунги кунда жамоанинг асосий фигураси ҳисобланади. Шу боис ундан ҳар бир учрашувда фаоллик, самарадорлик талаб этилади. Жамоанинг ижобий натижа қайд этиши кўпроқ 21 ёшли ҳужумкор футболчининг ўйинларига боғлиқ.
Бироқ “Ростов”га қарши учрашувда Файзуллаев ўз даражасида ўйнай олмади ва мухлису мутахассисларнинг ишончини оқлагани йўқ. Тўлиқ вақт давомида ҳаракат қилган Файзуллаев дарвозага атиги битта зарба йўллади, бирор маротаба рақибларини алдаб ўта олмади.
Рақиб билан яккакурашга олти маротаба киришиб, фақатгина биттасида устунлик қилди, холос.
Кристиян Бистрович
“Ростов”га қарши ўтган учрашувда ўз ўйинини топа олмаган яна бир футболчи ЦСКАнинг хорватиялик ярим ҳимоячиси Кристиян Бистрович бўлди. Шунга қарамай, мураббийлар штаби ўз ҳудудида устунликни таъминлай олмаган легионерни негадир захирага олмади.
Бистрович ўйин давомида рақибни алдаб ўтишга урингани ҳам йўқ, дарвозага биттагина зарба йўллади ва саккиз маротаба яккакурашларга киришиб, уларнинг тенг ярмида ютқазди.
Таъкидлаш жоизки, ЦСКА бу мағлубиятдан кейин мусобақа жадвалида олтинчи ўринга тушиб қолди. Юқоридаги жамоалар билан очколар ўртасидаги фарқ йириклашиб бормоқда. Файзуллаев эса, жорий мавсумдаги ўйинлари сонини йигирмата етказиб олди. Легионеримиз бу баҳсларда иккита гол ва олтита ассист муаллифи бўлган.
Фикрлар