Маҳмуд Маҳамаджонов: "Бу хайрлашув эмас — яна учрашамиз"
Куни кеча "Андижон"дан Россиянинг "Динамо" Маҳачкала жамоасига трансфер қилинган Маҳмуд Маҳамаджонов "Андижон" матбуот хизматига қуйидагиларни айтди.
«Мен учун осон бўлмаган қарорни қабул қилиб, янги жамоа сари йўл оляпман.
Аввало, шу вақт давомида менга ишонч билдирган, қўллаб-қувватлаган ва футболчи сифатида ривожланишимга катта ҳисса қўшган жамоам раҳбарияти, мураббийлар штаби, жамоадошларим ва мухлисларимизга чин қалбимдан миннатдорчилик билдираман.
Алоҳида вилоят ҳокимимиз Шуҳратбек Қушақбаевичга ҳам футболга, жамоамизга ва биз футболчиларга кўрсатган эътибори, қўллаб-қувватлови ва ишончи учун катта раҳмат айтаман. Бу эътибор ва ишонч мен учун доимо қадрлидир.
Бу жамоада ўтказган ҳар бир куним, бирга қўлга киритган ғалабаларимиз, бошдан кечирган қийинчиликларимиз ва яхши хотираларим қалбимда қолади.
Мен бу жамоани тарк этаётган бўлсам ҳам унга бўлган ҳурматим ва меҳрим доимо сақланиб қолади. Менга берилган ишончни бошқа жамоада ҳам оқлашга ва янада катта марралар сари интилишга ҳаракат қиламан.
Барчангизга яна бир бор катта раҳмат. Сизларга фақат омад, ривож ва янги ғалабалар тилайман!
Бу хайрлашув эмас — яна учрашамиз", - дейилади хабарда.

Фикрлар