Максим Шацких: Биз бу ерга нима учун келганимизни биламиз
"Ал-Айн" билан ўйиндан олдин "Пахтакор" бош мураббийи Максим Шацких ва ҳимоячи Муҳаммадқодир Ҳамралиев матбуот анжуманида қатнашди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Максим Шацких: - Биз бу ерга нима учун келганимизни биламиз. Чемпионлар Лигасида ҳали имкониятга эгамиз, бундан фойдаланишга уринамиз. "Ал-Айн"ни гуруҳда пешқадамликни қўлга киритиб бўлгани билан табриклайман. Улар кеча БАА чемпионатида ҳам кучли рақиб устидан сафарда ғалаба қозонишди. Мезбонлар бемалол босимсиз ўйнаши мумкин, лекин бизда ҳам шундай ҳолат. Чунки мавсумда олдимизга қўйилган асосий вазифани уддаладик - Ўзбекистон чемпионатида ғолиб бўлдик. Таркибимизда баъзи йўқотишлар мавжуд, аммо бемалол ўз ўйинимизни намойиш эта оламиз деб ўйлайман.
Мухлисларга ёқадиган футбол кўрсатиб, энг муҳими зарур натижа - ғалабани қўлга киритишга интиламиз. Барчаси қандай бўлишини эртанги ўйин кўрсатади.
Муҳаммадқодир Ҳамралиев: - Биз мазкур баҳсга яхши кайфиятда етиб келдик. Жума куни Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритдик. Бу бизга қўшимча иштиёқ беради ва "Ал Айн"га қарши беллашувда мухлисларимизни ғалаба билан хурсанд этишга бор кучимизни берамиз. Ички муҳит ажойиб ҳолатда. Имкониятимиз бор, бундан фойдаланиб қолишга интиламиз.
Фикрлар