Максим Шацких: "Кубокни кўтарганимиздан сўнг чемпион бўлдик дея оламиз

Ўзбекистон Суперлигаси 24-туридан ўрин олган "Пахтакор" - "Насаф" баҳси якунланди. Унда томонлар 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади.

Меҳмонлар сафида ягона голга Шерзод Насруллаев муаллифлик қилди. Унинг голига жавобан иккинчи бўлимда Ҳожимат Эркинов мувозанатни тиклади. 

Учрашувдан сўнг "Пахтакор" устози Максим Шацких матбуот анжуманида қатнашиб, журналистлар саволларига жавоб берди.

"Бугунги учрашув барчага ёқди деб ўйлайман. Тезкор ўйин бўлди. Ҳакамларга ҳам раҳмат, улар бугун аъло даражада ишлашди. Чемпионатда шундай ўйинлар сони кўпайса, мухлислар чемпионат ўйинларига ташриф буюришни бошлашади. Ўйинни назорат қилдик. Биринчи бўлимда рақибимиз битта ҳужум қилди ва гол урди. Иккинчи бўлимда агрессивроқ ўйнадик. Биринчи бўлимнинг ўзидаёқ гол уришимиз керак эди.

Драган жамоа етакчиси ва сардори. У майдонга қайтганидан сўнг услубимизни ўзгартирдик. Уни майдонда икки ҳимоячи қўриқлайди. Шу сабабдан бошқа футболчиларда очиқ ҳудуд пайдо бўлади. У ўзининг оптимал спорт формасига қайтишига умид қиламан.

Кубокни кўтарганимиздан сўнг чемпион бўлдик дея оламиз. Осиё чемпионлар лигасида ҳам энг муҳим учрашувлар вақти келди. Зич тақвим футболчиларни, айниқса терма жамоа аъзоларини қийнаб қўяди. Биз терма жамоа йиғини аввалидан бешта муҳим учрашув ўтказгандик. Ўша учрашувларда кўп очколар йўқотдик, аммо ўйин бўйича ҳаммаси жойида эди. "Ал Айн"га қарши кўп вазиятларни яратгандик. Саудияда ҳам ўйин бўйича устунлик қилиб, мағлуб бўлдик. "Сўғдиёна", ОКМК, "Андижон" жамоаларига қарши учрашувларда очко йўқотдик. Лекин ўйин бўйича биз устун эдик. Бугун ҳам сўнгги дақиқаларда гол урсак бўларди. Дуранг адолатли натижа бўлди деб ўйлайман. Жисмоний ҳолат бўйича ҳаммаси яхши", - деди  Шацких.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!