Мана ҳақиқий талант! “Челси” юлдузига ўзбек ҳужумчисидан ўрнак олишни айтишди!

Қозоғистон Премьер-лигасида йил кашфиётларидан бири Жасурбек Яхшибоев бўлди. 2024 йилнинг бошида амалдаги чемпион “Ордабаси” жамоасига қўшилган ўзбек футболчиси дебют мавсумидаёқ жамоа етакчиси ва тўпурарига айланди.

Айни пайтда Украинанинг “Кривбасс” жамоасини бошқараётган таниқли мураббий Юрий Вернидуб Қозоғистоннинг fanday.kz сайтига берган интервьюсида илгари ўз қўл остида ўйнаган ўзбекистонлик Жасурбек Яхшибоев фаолиятини кузатиб бораётганини маълум қилди.

Sports.uz портали украиналик мутахассиснинг легионеримиз ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини ўзбекстонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этади.

Биринчи қисм:

Хорижлик мураббий: Яхшибоев масжиддан келибоқ, гол уриб берганди...

Иккинчи қисм:

“Жасур, бунақаси кетмайди! Ё профессионал бўлиб ишингни қил, ёки бошқа жамоа топ!”

Давоми:

 

– Жасурбек Яхшибоев Қозоғистон чемпионатига ўтганини эшитиб, ҳайрон бўлдингизми?

– Бу унинг фаолиятидаги мантиқий бурилиш, деб ҳисоблайман. Биринчи навбатда, ўзини футболчи эканини эмас, балки футболни севиш керак. Яхшибоевда бу бироз бошқача эди. Ўзининг севимли касбига бунақа муносабат қилиб, кейин унинг сенга нима беришини, истакларинг амалга ошишини кутиб бўлмайди.

– Лекин ҳозир Яхшибоев Қозоғистон чемпионати тўпурарлари орасида, “Ордабаси”да тўққизта гол уриб, учта ассист қайд этган...

– Демак, Яхшибоев Беларусь чемпионати ва “Шериф”даги дастлабки ҳолатига қайтган. Аввал ҳам айтганимдек, у жуда иқтидорли йигит. Ўз фаолиятим давомида ундан талантли ўйинчи кўрмаганман. Унда замонавий футболчи учун керак бўлган ҳамма нарса бор. Лекин битта муаммо бўлган – мақсад сари интилиш. Агар Жасур шуни ҳам тўғриласа, топ-футболчига айланади.

– Қайси даражага кўтарилиши мумкин?

– У ҳар қандай чемпионатда энг зўри бўлиши мумкин. Жасурда техника, зарба, пас, тезлик, футболни тушуниш қобилияти яхши шаклланган.

– Украина чемпионатида ўйнаб кета оладими?

–  100 фоиз. Мен Беларусда ишлаб юрганимдаёқ мураббийларга “Агар Яхшибоев “Шахтёр Донецк” ёки “Динамо Киев”да ўйнашни истаганида, бу жамоаларда энг зўри бўларди”, деган эдим.

– Келажакда яна Яхшибоев билан ишлашни режа қилмадингизми?

– Нега ундай бўлмаслиги керак? Агар у ўз ишига муносабатини ўзгартирган бўлса, мен у билан жон деб ишлардим. Агар у ўзгара олган бўлса, бу ҳурматимни оширади. Демак, Жасурда қатъият бор.

– “Ордабаси”да ҳужум чизиғида ҳамюртингиз Артём Беседин ўйнаяпти. Уни Яхшибоев билан солиштирса бўладими?

– Бесединни камситмаган ҳолда айтишим керакки, Яхшибоев умуман бошқа даражада.  Агар Жасурни украиналиклар билан солиштирсак, фақатгина “Челси”даги  Михаил Мудрикдан тезлик бўйича озгина ортда қолади. Лекин Яхшибоев ҳақиқий талант. У ҳар бир лаҳзани ҳис қила олади. Худо Мудрикка Яхшибоев сингари ўйинни тушуниш қобилиятини берганида унга тенг келадиган футболчи топилмас эди...

Суҳбатимиз орқали Жасурбек Яхшибоев учун хурсанд эканимни изҳор қилмоқчиман. Унинг фаолиятини  доимо мамнуният билан кузатиб бораман. Агар у ўсишдан тўхтамаса, ҳали янада кучли чемпионатларга ўтишига ишончим комил.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!