"Манчестер Юнайтед" Рэшфордни узоқ муддатга йўқотди

"Манчестер Юнайтед" ҳужумчиси Маркус Рэшфорд елкасидан олган жароҳати туфайли операция қилинади. Бу ҳақда The Telegraph нашри хабар тарқатмоқда.

Манбанинг хабарига кўра, футболчи шу жароҳати билан ўтган йилнинг ноябрь ойидан буён ўйнаб келмоқда. Ҳозир унинг елкасидаги жароҳати ёмонлашган.

Шифокорларнинг сўзларига кўра, Маркус жарроҳлик амалиётидан сўнг уч ой давомида майдонга туша олмайди. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, Рэшфорд янги мавсум стартини ўтказиб юборади.

23 ёшли футболчи ўтган мавсум "Манчестер Юнайтед" таркибида жами 57 та учрашув ўтказиб, 21 гол урган ва 15 голга ассистентлик қилган. Унинг клуб билан шартномаси 2023 йилнинг ёзигача амал қилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!