“Манчестер Юнайтед” сотган қимматбаҳо футболчилар. Топ-5

“Манчестер Юнайтед” трансферлар бозорида доим фаол бўлиб келган. Масалан, ушбу мавсум аввалида Поль Погба учун озмунча пул сарфланмади. Шундай бўлсада, “қизил иблислар” сотиш борасида ҳам анча яхши натижаларга эришган. Қуйидаги мақоламиз орқали “МЮ” айнан катта сумма эвазига ўз футболчиларини “қўйиб юборган” 5 та ҳолат билан таништирамиз.

5. Яп Стам(Голландия) – 21,89 млн фунт

Қайси жамоага: “Лацио”(2001 йил)

“ПСВ”дан 10,6 млн фунт эвазига таклиф этилган Стам фаолиятининг энг яхши дамларинин айнан “МЮ” сафида ўтказади. “Олд Траффорд”даги уч йилда голландиялик ҳимоячи 3 бор Англия чемпиони бўлган бўлса, бир мартадан Англия кубоги, ЕЧЛ ва Қитъалараро кубокда зафар қучди. Бундан ташқари айнан Англияда фаолият юритган даврда икки бор УEФА томонидан йилнинг энг яхши ҳимоячиси деб топилди. Бироқ 2001 йил 21,89 млн фунт эвазига “Лацио” сотиб юборилади. Футболчининг “Юзма-юз” деб номланган автобиографиясида ёзилишича, Стам Фергюсоннинг мазкур қарорини ҳанузгача тушуниб етмаган экан.

4. Морган Шнайдерлин(Франция) – 23,55 млн фунт

Қайси жамоага: “Эвертон”(2017 йил)

Бундан бир ярим йил аввал “Манчестер Юнайтед” Шнайдерлин учун “Саутгемптон”га 25 млн фунт тўлаган эди. Бироқ франциялик ярим ҳимоячи “қизил иблислар” сафида ўзидан кутилган ўйинни намойиш этиб бера олмади. Шнайдерлин “МЮ” сафида 32 ўйин ўтказиб, бир бор рақиб дарвозасини ишғол этган. Қизиғи ўша ягона гол “Эвертон”га қарши ўйинда киритилган эди. Тақдирнинг хазилини қарангки, Шнайдерлинг янги жамоаси “Эвертон” бўлиб чиқди. Морган “Олд Траффорд”даги бир ярим йилида Англия кубоги ва Англия суперкубогини қўлга киритганини таъкидлаш жоиз. Бу мавсум 8 та ўйин ўтказган француз учун “Эвертон” салкам 25 млн фунт тўлади.

Дэвид Бекхем – 31,88 млн фунт

Қайси жамоага: “Реал”(2003 йил)

Жарима зарбалари устаси бўлган Бекхем “МЮ” сафида 10 мавсум тўп сурди ва жамоа билан 6 бор Англия чемпиони бўлган бўлса, икки мартадан Англия кубоги, Англия Суперкубоги хамда ЕЧЛда ғолиб чиққан. Бундан ташқари Дэвид Қитъалараро кубокни ҳам боши узра баланд кўтаришга муваффақ бўлган. 2003 йилда эса Бекхем “Реал Мадрид” билан 4 йиллик шартнома тузади. “Қироллик клуби” футболчи учун “МЮ” ҳисоб рақамига салкам 32 млн фунт ўтказиб беради.

2. Анхель Ди Мария – 53,55 млн фунт

Қайси жамоага: “ПСЖ”(2015 йил)

“Росарио Сентраль” клуби тарбияланувчиси бўлган Ди Мария Бразилия мундиалидан сўнг “Манчестер Юнайтед” билан шартнома тузади. “Лапша” деган лақабга эга Ди Мария учун “қизил иблислар” “Реал”га 59,7 млн фунт тўлайди. Ди Мария “МЮ”дан кетишига “Халл Сити”га қарши беллашув сабаб бўлди дейишимиз ҳам мумкин. Чунки, айнан ўша баҳсда аргентиналик футболчи оғир жароҳат олади ва мавсумнинг катта қисмини ўтказиб юборади. Йил якунида эса Анхель Манчестерни Парижга “алмаштиради”.

1. Криштиану Роналду – 79,90 млн фунт

Қайси жамоага: “Реал”(2009)

2003 йил “Спортинг”дан 12,24 млн фунтга сотиб олинган Роналду ҳақида барча яхши маълумотга эга бўлса керак. Криштиану “Олд Траффорд”даги 6 йилда 9 та жамоавий 10 га яқин шахсий совринларни қўлга киритганини айтиш жоиз. “Юнайтед” рақиблари дарвозасини 118 бор ишғол этган Роналду 2009 йил “Реал” сафига ўтади. Мадридликлар футболчи учун салкам 80 млн фунт тўлашади. Бу эса ҳозирга қадар “МЮ”нинг энг қиммат сотуви бўлиб турибди.

АПЛда энг кўп ўйин ўтказган 5 футболчи

Шаҳзод Холбоев тайёрлади

Минбар

Барча блоглар