Топ-лига клуби: Ҳақиқий сюрприз Ҳусановнинг келиши бўлади!
Европа футболида қишки трансферлар ойнаси тобора яқинлашиб келаётгани сари Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов атрофида трансфер янгиликлари ҳам кўпайиб бормоқда.
Ҳозиргача “кўҳна қитъа”нинг турли манбалари 21 ёшли ўзбек ҳимоячи номини “Ланс”, “Ливерпуль”, “Реал” каби клублар билан боғлаб, турли хабарлар чиқаришди. Буларнинг бари биринчи навбатда, Хосеп Гвардиола иқтидорли ҳимоячи ўзи иштирок этган баҳсларда юқори савияда ўйнаётганига қарамай, мунтазам ўйин амалиёти бермаётгани билан боғлиқ.
Sports.uz портали Франциянинг машҳур клубларидан бири – “Ницца” ҳам Абдуқодир Ҳусановга қизиқиш билдираётганини аниқлади. Бунга асос сифатида Франция футболини ёритишда нуфузли икки манба маълумотларини келтириш мумкин.
SPORT.FR сайти:
Мавсум бошланганидан бери қийинчиликлардан боши чиқмаётган “Ницца” қишки трансферлар даврида вазиятни тубдан ўзгартиришга қарор қилди.
Клуб раҳбарияти марказий ҳимоячи позициядан бошлаб, таркибнинг турли нуқталарига янги ижрочилар олиш бўйича бир неча ғояларни амалга ошириш учун енг шимариб ишга киришди.
Кутилмаганда, Лига 1 мусобақа жадвалида пешқадамликни қўлга олган “Ланс” мавсумнинг иккинчи ярми учун таркибини кучайтирадиган бўлди. Бу клуб вакиллари “Манчестер Сити” билан марказий ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановни ижарага олиш бўйича мулоқотларни давом эттирмоқда. 21 ёшли марказий ҳимоячининг январда Францияга қайтиш эҳтимоли бор. Фақат унинг кейинги манзили “Ланс” эмас, балки ҳимояни мустаҳкамлашга бел боғлаган “Ницца” бўлиши мумкин.
“Ланс” ҳам, “Ницца” ҳам ўзбек футболчисини олти ойлик ижарага олмоқчи. “Манчестер Сити” билан 2029 йилнинг ярмигача давом этадиган шартномага эга ҳимоячи етарли даражада ўйин амалиётига эга бўлмаётгани боис, “шаҳарликлар” қисқа муддатли трансфер имкониятларини кўриб чиқиши кутилмоқда.
Агар Франциянинг икки клуби ўйинчини олиш бўйича жиддий таклифларни илгари сурадиган бўлса, улар орасида трансферлар бозорида ҳам қизғин кураш вужудга келади. Бу масала кўп жиҳатдан ўйинчи учун катта сумма сарфлаган “Манчестер Сити” раҳбариятининг қарорига боғлиқ бўлади.
JEUNESFOOTEUX.COM сайти:
“Ницца” бош мураббийм Франк Хейз ўзи илгари ишлаган “Ланс” таркибидаги икки собиқ ўйинчиларини нишонга олди. Бу мутахассис матбуот вакиллари билан суҳбатда айни пайтда бор эътиборини нафақат жамоа тактикасига, балки таркибни кучайтириш заруратига ҳам қаратаётганини маълум қилди.
Айни пайтда “Ницца”нинг уч нафар етакчи ўйинчиси – Жонатан Клосс, Терем Моффи ва Жереми Боганинг жамоадаги келажаги мавҳум бўлиб тургани Франк Хейзни безовта қиляпти ва янги ижрочилар олиш заруратини туғдирмоқда.
Хейз агар клуб спорт директори ҳимоя ва ҳужум чизиқларини кучайтириш учун янги футболчиларни олиш масаласида ундан ёрдам сўраса, трансферларни амалга оширишда ҳал қилувчи ролни ўйнай оладиган одамларга боғланиб, ёрдам сўрашга тайёрлигини билдирди.
Бу баёнот бежиз айтилгани йўқ. Хейзнинг гаплари у ўзи “Ницца” учун ўйинчи танлаб қўйганидан далолат беради. Клубдаги ички манбалар “Ницца” бош мураббийи ўзи яхши биладиган икки футболчини нишонга олганини маълум қилди.
Улардан бири айни пайтда “Ноттингем Форест” аъзоси ҳисобланган Арно Калимуэндо ўзининг ҳужумкорлиги билан рақиб ҳимоячиларга жиддий муаммо туғдирадиган ўйинчи сифатида эътиборни тортмоқда.
Лекин ҳақиқий сюрприз ҳимоя чизиғига мўлжалланган. Ҳар доим трансфер бозорини кузатиб борадиган Франк Хейз “Манчестер Сити” марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг атрофидаги вазиятдан бохабар бўлиб турибди.
Бир йил олдин “Ланс”дан “Манчестер Сити”га қарийб 50 миллион евро эвазига кўчиб ўтган ўзбек футболчиси Англияда мураккаб даврни бошдан ўтказмоқда. “Ницца” бу вазиятдан унумли фойдаланиб, “шаҳарликлар” билан олти ойлик ижара шартномаси тузмоқчи.
Ўзининг салоҳиятини намойиш қилишга ва нимларга қодирлигини исботлашга чанқоқ, дарҳол тактик жиҳатдан фойдали бўла оладиган Ҳусанов каби “жангчи”ни ўз сафига қўшиб олиш “Ницца” учун ҳимояни барқарорлаштиришда ажойиб қадам бўлар эди. Шу тариқа, бу қишки трансфер ойнаси катта эҳтимол билан маҳаллий ва яхши таниш футболчиларга бағишланиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, “Ницца” қизиқиш билдираётган ҳужумчи Арно Калимуэндо ҳам, Абдуқодир Ҳусанов ҳам “Ланс”даги фаолияти давомида ўша пайтда жамоада бош мураббий бўлиб ишлаган Франк Хейз қўл остида тўп тепган.
Сиз футболни ўлдиряпсиз! Ўзбекистонга қаранг...
CITYXTRA: Ҳусанов учун суперклуб 50 миллион евро таклиф қилди
Ҳусанов ва “Реал”: “Манчестер Сити” трансферга рози, фақат...
18 ёшли Нурали Абдуқодир Ҳусанов изидан Европага йўл олди
Шомуродов 2025 йилнинг сўнгги ўйинини ҳам “ёндирди”!
Каннаваро: Кутиб чарчадим!
Фабио Каннаваро “ЖЧ-2026” олдидан барча муаммоларни очиб берди
Гвардиола Ҳусановни танқид қилган мураббийни “разбор”га чақирди
Ниҳоят, Ҳусановни майдонда кўрамиз!



Фикрлар