«Манчестер Юнайтед»нинг Премьер-лига давридаги энг яхши футболчилари рамзий жамоаси: Руни, Роналду ва бошқалар
«Манчестер Юнайтед» Англия ички чемпионати 1992 йил «Премьер-лига», деб аталганидан бошлаб, бошқа клубларга нисбатан энг кўп зафар қучган ва кўплаб совринларни қўлга киритган жамоа. Жамоа сафида доим кучли футболчилар тўп сурган ва клуб жаҳон футболига бир қатор юлдузларни етиштириб берган. Шу туфайли «МЮ»нинг орзулар жамоасини тузиш бир қатор қийинчиликларни пайдо қилиши табиий. Британиянинг машҳур футбол мутахассислари Англия тарихидаги биринчи рақамли клуб сифатида тан олинган «Манчестер Юнайтед»нинг Премьер-лига давридаги энг кучли футболчиларидан йиғилган рамзий жамоасини тузиб чиқди ва уни оммага тақдим этди. Ушбу жамоа 4-4-2 тактик схемасига таянган ҳолда тузилган. Марҳамат, у билан танишамиз.
Дарвозабон: Петер Шмейхель.
Дарвозабон позицияси - бу катта босим. «МЮ»нинг рамзий жамоасидан жой олиш жуда катта ютуқ. Сабаби, клуб тарихида ундан ташқари ҳам кўплаб яхши дарвозабонлар бўлган. Бундайлар орасидан айнан бирортасини танлаб олиш учун, у албатта рақобатчиларидан кўп томонлама устун бўлиши лозим. Бу позиция учун бизда асосий уч номзод бор эди - Эдвин Ван дер Сар, Давид де Хеа ва Петер Шмейхель. Лекин барибир Петернинг бу жамоа учун қилган ишлари қолган номзодларникига қараганда бир бош баландроқ бўлганлиги учун айнан у рамзий жамоадан жой олмоқда. Дарвозабон сэр Алекс Фергюссон фаолиятининг дастлабки йилларида мураббийнинг муваффақият калити ва 1999 йилги треблнинг асосий қаҳрамонларидан бири бўлган. Бундан ташқари, даниялик ажойиб акробатик ҳаракатлари, ҳақиқий сардор ва ўз имзосига эга дарвозабонлиги туфайли ҳам клуб рамзига айланган.
Ўнг қанот ҳимоячиси: Гарри Невилл.
Бутун бошли фаолиятини «Олд Траффорд»да ўтказган ушбу ҳимоячи бу позиция учун мутлақ ҳақли! Бу ерга унданда яхшироқ номзодни топиш имконсиз. Футболчи клубнинг тўпурар ҳимоячилари тарихида етакчи ўринда туради. Бундан ташқари, у қойилмақом даражада барқарор ва кучли ўйин кўрсатган ҳамда кўп бора АПЛ рамзий жамоасидан жой олган. 20 йилдан ортиқ вақт ҳамда 600 дан зиёд учрашув ўтказиб, у «Юнайтед»нинг жонкуяр сардори сифатида клуб тарихига кирган. Афсуски, «Олд Траффорд»да қатъиятли ўйинлари билан эсда қолган футболчи 2011 йилда фаолиятини якунлаганидан бери клуб унга муносиб номзод топа олмаяпти.
Марказий ҳимоя: Рио Фердинанд.
Ушбу позиция жуфт бўлиб келишидан хабаринингиз бор. Ва биз бу ерга клуб тарихидаги энг қўрқинчли ҳимоя дуэтини қўймоқчимиз. Ҳа, Фердинанд ва Видич жуфтлиги ўз пайтида ҳар қандай ҳужумчини қўрқувга соладиган девор эди. Улар «Юнайтед»дан кетганидан бери «қизил иблислар» бу қадар изчил, мустаҳкам ва барқарор ҳимоячилар жуфтлигини топган эмас! Фердинанд клубга анча қимматга тушган, у ўз пайтида британиялик футболчилар тарихидаги энг қиммат футболчи ҳам бўлган. Бироқ у клубдаги 12 йиллик фаолияти давомида унга сарфланган ҳар бир фунтни оқлаб, клуб рамзларидан бирига айланишга муваффақ бўлган. Футболчи клуб билан 6 марта Премьер-лига ва 1 марта Чемпионлар Лигасида ғолиб бўлган.
Марказий ҳимоя: Неманья Видич.
Боя таъкидланганидек, сербиялик футболчи Рио Фердинанд билан ажойиб жуфтлик ҳосил қилган. Футболчи 2006 йилда клубга келиб қўшилмасидан аввал, Фердинанд жамоада анча ўзини кўрсатган эди. Сербиялик футболчи келганидан сўнг эса, бу жуфтлик ҳатто «Юнайтед»нинг ўзининг ҳам хаёлига келмаган даҳшатли дуэтни ҳосил қилди. Бу тандем кўплаб мутахассислар томонидан нафақат «МЮ» тарихидаги, балки бутун бошли Премьер-лига давридаги энг кучли ҳимоя жуфтлиги сифатда тан олинган. Серб футболчиси клуб сафида 211 ўйинда майдонга тушган ва ўз вақтида сардорлик боғичига ҳам эга чиққан.
Чап қанот ҳимоячиси: Денис Ирвин.
Бу ўрин учун Ирвин ва Патрис Эвра номзодлари ўртасида иккиланишлар бўлди, аммо ирландиялик футболчи Фергюссоннинг дастлабки чемпионлиги ва 3 карра ғолиб бўлишида муҳим роль ўйнаганлиги боис ушбу позиция учун муносиб, деб топилди. Ирландиялик футболчи клуб тарихида нақд 529 ўйинда майдонга тушган! Тезкор, иккала оёғида ҳам бирдай ўйнай олувчи, камтарин ва меҳнатсевар футболчи «Юнайтед» мухлисларининг ҳар доим энг севимлиларидан бири бўлиб қолади.
Ўнг қанот вингери: Криштиану Роналду.
Роналду «Олд Траффорд»даги фаолияти давомида ўзини дунёнинг энг яхши футболчилардан бири сифатида кўрсатди, «Реал»га ўтишига ҳам бу ердаги қойилмақом ўйинлари сабаб бўлганлиги сир эмас. Рамзий жамоанинг тузилишидан келиб чиқиб уни 4-4-2 схемасида ўнг қанот вингери позициясига жойлаштирдик ва у "қизиллар" сафида айнан шу позицияда яхши ўйинларни намойиш этганлигини ёдга олдик. Роналдунинг "қизил иблислар" таркибидаги ўйинларда намойиш этган маҳорати, тезлиги, ажойиб голли узатмалари ва қойилмақом голлари уни МЮ мухлисларининг севимлисига айлантирган. У «Юнайтед» сафида 2006-2009 йилларда майдонга тушиб, кетма-кет 3 унвонни қўлга киритилишида муҳим роль ўйнаган ва лига доирасида умумий 66 та гол урган (асосан, жарима майдончаси ташқарисидан).
Марказий ярим ҳимоя: Рой Кин.
Сардор, етакчи ва клуб афсонаси. Ушбу ўн битталикда кўплаб яхши футболчилар бўлишига қарамай, айнан Кинга сардорлик боғичини бердик. У бу номга кўпроқ лойиқ. Футболчи доим рақибларини қўрқувга солган, жамоадошларини ҳимоя қилиш учун уларнинг ёнида турган ва ҳеч қачон яккама-якка дуэлларда рақибдан қўрқмаган. Тўп учун курашларда у доим ютиб чиққан. Аммо инсайдерлар томонидан унинг пас бериш маҳорати ва ўйин тезлиги паст баҳоланиши ҳам бор гап. Умуман олиб айтганда, ирландиялик футболчи «Юнайтед»ни 1998-2003 йиллар оралиғида, яъни 5 мавсумда 4 та совринга сазовор қилган ва кўп йиллар давомида Фергюссоннинг майдондаги лейтенати бўлиб хизмат қилган.
Марказий ярим ҳимоя: Пол Скоулз.
Ярим ҳимоя маэстроси ҳақида кўп гап ортиқчалик қилади. У шунчаки, Премьер-лига давридаги энг яхши марказий ярим ҳимоячи. Кўплаб мутахассислар айнан Скоулзни АПЛ тарихидаги энг кучли плеймейкер, дея тан олган. Пол ҳақида таассуротга эга бўлиш учун унинг фаолиятидаги совринларга қарашнинг ўзи кифоя. Скоулз 11 карра Премьер-лига чемпиони, 2 карра Чемпионлар Лигаси ғолиби ва Фергюссоннинг энг яхши шогирдларидан бири бўлиб қолади.
Чап қанот вингери: Райан Гиггз.
Уэльслик ҳужумкор ярим ҳимоячи рақиб ҳимоячиларини даҳшатли тезлиги ва ажойиб зарбалари билан доим қўрқувга солиб келган. У ўз вақтида рақибларининг росманасига қўрқинчли туши бўлган. Гиггзнинг дриблинги, ўйинни назорат қилиши, фойдали иш коэффициенти ва ажойиб қобилияти уни клубнинг энг зўрларидан бирига айлантирди. Яқинда англиялик мутахассислар томонидан Гиггз «МЮ» тарихидаги энг яхши ўйинчи, деб ҳам топилганини инобатга олсак, у рамзий жамоадан жой олишга 100 фоиз ҳақли. Гиггз 2014 йилда фаолиятини якунлаган. Бунгача у 22 та ажойиб мавсумни ўтказиб, 13 та чемпионликка эришган. Премьер-лига учун шунчаки - даҳшатли натижа!
Форвард: Уэйн Руни.
Англиялик футболчи клуб сафида 253 та гол киритиб, МЮ тарихидаги энг яхши тўпурарга айланган. Руни клубда 13 мавсумда 5 та чемпионликка эришди ва Премьер-лигада 183 та гол урди. Футболчи «МЮ»га 18 ёшида «Эвертон» клубидан келган ва 13 мавсум давомида ажойиб ҳаракат қилиб, клубнинг афсонавий ҳужумчисига айланган. Шунингдек, Руни ўз пайтида сардорлик боғичини ҳам муносиб ҳимоя қила олганлиги билан ҳам эътирофга лойиқдир.
Форвард: Эрик Кантона.
Клубда ундан кўпроқ ўйин ўтказган ва кўпроқ гол урган бошқа ажойиб футболчилар ҳам бор. Аммо улар Кантонадек рамзий маънога эга эмас. У Премьер-лиганинг дастлабки йилларида МЮ сафида 5 мавсум ўтказган ва жамоанинг 4 та чемпионлик титулига эришишида муҳим фигура бўлиб хизмат қилган. Унда рақибларни қўрқитадиган ва жамоадошларини илҳомлантирадиган ўзгача бир аура бор эди. Ҳужумчи шу сабабли ўз номини тарихга муҳрлаб қўйган.
Бош мураббий: ҳеч шубҳасиз, сэр Алекс Фергюссон.
Премьер-лига даврида МЮда жуда кўп мураббий ишламаган. Уларнинг сони саноқли. Шотландиялик мутахассис нафақат манкуниянлар тарихидаги, балки бутун дунё футболи тарихидаги энг яхши ва совриндор мураббий ҳам ҳисобланади. У клубни 1986 йилдан 2013 йилга қадар бошқарган ва ўз номини тарихга ўчмас ҳарфлар билан муҳрлаб қўйган. Унинг клубда шахсий хонаси ҳам мавжуд бўлиб, майдонга ташриф буюриши билан дарҳол ҳамма унга чексиз ҳурматини билдиради. Мураббий МЮ билан барча мусобақаларда умумий ҳисобда 1500 дан ортиқ ўйин ўтқазиб, 890 дан ортиқ ғалабага эришган. Совринлар сони эса - 38та!
Захира ўриндиғи:
Давид де Хеа;
Дэвид Бекхэм;
Майкл Кэррик;
Энди Коул;
Руд ван Нистелрой.
Рамзий жамоа шундан иборат эди. Ҳар бир «МЮ» мухлиси учун бу таркиб, албатта, энг даҳшатли ва севимли таркиб бўлиб қолиши шубҳасиз. Эътиборингиз учун раҳмат!
Абдулла Маннонов тайёрлади
Фикрлар