Манчестерликлар энди ҳимояга Умарни олмоқчи
Англия Премьер-лигаси бадавлат клублари, хусусан, "Манчестер Юнайтед" Италия чемпионатида “Удинезе” шарафини ҳимоя қилаётган тажрибали марказий ҳимоячи Умар Солега харидор бўлмоқда.
25 ёшли франциялик легионер А Сериянинг ўзида ҳам талаш бўляпти. Лига етакчиларидан “Интер”, “Милан” ва “Рома” бу ўйинчини Италияда олиб қолиш ҳаракатларини бошлаб юборган.
Бу маълумотларни Caught Offside нашри тарқатди.
Манба маълумотларига кўра, трансфернинг бошланғич нархи бонуслар ҳисобга олинган ҳолда “ўртачадан юқори” диапазонда бўлади. “Удинезе” эса сотиб олиш ҳуқуқи билан ижара вариантини ҳам кўриб чиқмоқда.
Умар Соле кучлироқ клубларда ўйнаб, ўз имкониятларини юқорироқ даражада синаб кўришни истайди.
Жорий мавсумда франциялик футболчи барча мусобақаларда 19 та ўйин ўтказиб, ҳимоядаги вазифаларини бажаришдан ташқари 1 та гол ва 1 та голли узатма муаллифи бўлган.
Унинг шартномаси 2027 йил ёзигача амал қилади. Transfermarktга кўра, бозор қиймати 20 миллион еврони ташкил қилмоқда.
Қизиғи шундаки, илгари Франциянинг “Стад Лаваль”, “Лион” ва Австриянинг “Зальцбург” клубларида ўйнаган Умар Соле 2024 йилнинг ёзида шартномаси туганидан кейин жамоасиз қолиб кетган эди.
“Удинезе” маҳоратли футболчини 2025 йилнинг бошида ўз таркибига қўшиб олди ва энди яхши нархга трансфер қилиб, даромадли савдони амалга оширишга тайёрланяпти.



Фикрлар